“Самарқанд руҳи” Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг янги шакллари ривожланишига ҳисса қўшади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов мамлакатимизнинг ШҲТга раислигининг устувор йўналишларига бағишлаб «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган интервьюсида “Самарқанд руҳи” тушунчасига тўхталиб ўтди.

“Янги Ўзбекистоннинг фаол ва жадал суръатларда ривожланаётган дипломатиясида Самарқанд шаҳри мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда”, дея таъкидлади В.Норов. Буни сўнгги йилларда мазкур шаҳар мезбонлик қилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мазусидаги халқаро конференция (2017), Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020) ва бошқа қатор йирик тадбирлар мисолида кўришимиз мумкин.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман таъбири билан айтганда, бу каби йирик анжуманлар натижасида “Самарқанд руҳи” деган тушунча ўзининг яққол ифодасини топиб улгурди.

Демак, “Самарқанд руҳи” ШҲТ ҳудудининг географик асоси ҳисобланадиган Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг янги шакллари ривожланишига ҳисса қўшади. Қолаверса, бу платформа яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал тараққиётнинг долзарб масалалари муҳокамасига янги имкониятлар яратади.