Самарқанд руслар томонидан қандай босиб олинган эди?

1868 йилнинг 9 апрелида Бухоро амири Саид Музаффар Баҳодирхон Туркистон ўлкаси генерал-губернатори Фон-Кауфманнинг охирги хатига жавоб бермади. Бу орада бухороликларнинг Самарқандда тўпланаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қўқонда милтиқлар ясалаётгани тўғрисида миш-мишлар урчигач, бухорлик ва шаҳрисабзликлар ўртасидаги низоларга барҳам берилди ва улар бухороликлар билан бирлашди.

Апрель ойининг бошида Туркистондаги рус армияси сафида - Булунғурда 2010, Ўратепада 800, Хўжандда 1 500, Тошкентда 2 000, жами 6 300 одам бор эди. Шу боис осиёликлар тўдасини тарқатиб юбориш рус солдатлари учун осон эди. Улар бунинг учун биронта аҳоли пунктини эгаллаб, маҳаллий аҳоли орасига ваҳима солиши ва пунктни узоқ муддат ушлаб туриши керак эди.

Бу орада Бухоро амири русларнинг шартига 7 ойдан буён жавоб бермай, ёнидаги хонликлардан ёрдам сўраб, қўшин тўплай бошлади. Бу орада руслар катта отряд тўплаб, енгилмасликлари ҳақида маҳаллий аҳолини ишонтиришга киришди. 18 апрелда Туркистон ўлкаси генерал-губернатори Тошкентдан ёрдам кучларини олиб, Жиззахга етиб келди. 22 апрель куни Янги-Қўрғон (ҳозирги Булунғур шаҳри)даги аскарларнинг аҳволи билан танишди.

Шу орада русларга Самарқанд шаҳрига Бухоро ва Шаҳрисабздан ёрдам кучларининг етиб келаётгани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Буни эшитган рус армияси Жиззахда артиллерия ва қурол-яроғ, от-араваларни тўплашди.

1868 йилнинг 28 апрелида Булунғурга етиб келган жосуслар Самарқанд аҳолиси Россияга қўшилишга тайёр эканлигини, аммо дин пешволари аҳолининг қаршилигига қарамай, амирнинг катта ўғли бошчилигидаги лашкар билан халқни урушга даъват этишда давом этаётганлигини айтишди.

Самарқандда тўпланган қўшинлардан ташқари, Челекда 200 та пиёда, учта тўп билан, Жом-булоқ ва Жума-бозорда 1000 гача, Нуротада эса 2000 гача қирғизлар тўпланган эди.

29 апрелда рус қўшинлари қўмондони Самарқанд бекларидан хат олди. Хатда улар рус қўшинлари Булунғурни тарк этмаслиги, тинчлик шартномаси шартлари бир неча кун ичида юборилишини ёзишганди. Мактубга ўн етти бекнинг муҳри илова қилиниб, хатнинг оҳанги вақтдан ютиш учун баҳона эканлигини билдириб турарди.

Руслар учун ҳужумни тўхтатиб туриш мумкин эмас эди. Бу билан Самарқанддаги 50 минглик лашкарнинг устига Шаҳрисабздан яна 50 минглик лашкар қўшилиши имкониятини берарди. Шунинг учун рус армияси 30 апрель куни эрталаб соат 4:00 лар атрофида 21-рота, 16 тўп ва 500 га яқин казакдан иборат 3,500 кишилик отряд билан Самарқандга қараб ҳаракатни бошлади.

Йўлда улар амирнинг элчиси Мирза Шамсиддинни учратишди. У рус қўшинлари қўмондонига амирнинг янги хатини топшириб, бир кундан кейин ҳақиқий элчи келиши ҳақидаги хабарни етказди. Рус қўмондонига олиб келган амирнинг совғаларини топширди. Рус қўшинлари қўмондони совғаларни қабул қилмади ва Мирза Шамсиддинга Саид Музаффар томонидан тасдиқланган тинчлик шартномасини олмагунча қўшинлар ҳаракатини тўхтатмаслигини билдирди.

Рус қўшинлари соат 5:00 га яқин Тош-кўприк (Жомбой шаҳрига кираверишда, Мирза-ариқнинг устига ўрнатилган кўприк)ка етиб келиб, тунаш учун тўхтади.

Отряд ҳаракатни давом эттиришга тайёр турган 1 май куни эрталаб Мирза Шамсиддин яна қўшинлар командиридан Булунғурга қайтишни ёки амирнинг хабарчиси келишини кутишни сўради. Тинчлик шартномаси шартлари албатта, эртадан кечиктирмай юборилиши, қўшин қўмондонини Самарқандда катта қўшин йиғилмаганига ишонтирмоқчи бўлди.

Йўлда уларга Бухоро лашкарлари дуч келишди ва қисқа отишмадан сўнг орқага чекинишди. Шундан кейин рус аскарлари ҳужумга ўтиш учун ўз позицияларини эгаллай бошлади. Буни кўрган Мирза Шамсиддин кетишга изн сўради. Рус қўшинлар қўмондони унга кетишга рухсат берди ҳамда қон тўкилишининг олдини олиш, тинчлик шартномасини тузиш учун Зарафшон дарёси ёқасидаги Бухоро амири қўшинларини олиб ташлашни маслаҳат берди.

Шундан кейин амирнинг янги элчиси келиб, амир томондан имзоланган тинчлик шартномасини келтирганини айтди. Бу руслар учун ҳам яна бир иконият эди. Чунки қўшинлар жуда чарчаган, от-араваларининг кўп қисми орқада қолганди.

Шартнома руслар талаб қилган даражада бўлмаганлиги учун қўмондон яна олдинга юришга буйруқ берди. Элчи Нажмиддин Хўжа уларга олдинга ҳаракат қилмасликни, қўшинлар жойида тўхтаб туришини илтимос қилди.

Қўшинлар қўмондони отряд Зарафшон дарёси ёнида тўхташини, чунки уни ҳар томондан атрофини сарбозларга тўла бўлган, боғлар қуршаб тургани учун бу ерда тунаши шарт эмаслигини айтди. Боғлардан чиқишгач, охирги уч-тўрт километр йўлни отряд жадал суръатда боисб ўтди. Қўшинлар саркардасига Нажмиддин Хўжа ҳам эргашиб борарди.

Улар Зарафшон дарёси ёқасига келишгач, қўшинлар қўмондони дарё ёқасидаги Чўпон ота тепаликлари устида турган бухороликларни кўриб, Нажмиддин Хўжадан:

- Бу нима? - деб сўради.

- Ҳеч нарса! - Нажмиддин Хўжа совуққонлик билан жавоб берди. - Халқ ва қўшин қаршингизга сизни кутиб олишни истаб чиқдилар.

Бу пайт ён қанотдан русларга бухоролик отлиқлар ҳужумга ўтди. Қўшинлар қўмондони артиллерия бошлиғи, подполковник Штрандманнга бу отрядни ўққа тутиб, дарёнинг нариги томонига суриб ташлашни буюрди.

Подполковник Штрандманн тўрт юз казак, енгиллаштирилган тўртта тўп қуроли ва ракета батареяси билан душманга ҳужум қилиб, баландликларга жойлаштирилган Бухоро артиллериясининг кучли ўт очишига қарамай, суворийларни дарёнинг чап қирғоғига суриб ташлади.

Амирнинг элчиси камтарлик билан қўшинлар қўмондонидан ҳужумни тўхтатиб туришни, бир соат ичида Чўпон ота устидаги қўшинларни орқага қайтариш учун рухсат сўради.

Қўшинлар қўмондони Бухоро қўшинларининг шаҳар томонга баландликдан тушиб чекинишини кўрса, бир соат ичида ҳужум бошламаслигини айтиб, унга жавоб берди.

Бухоро лашкарлари артиллерияси яна русларни тўпга тута бошлади. Бухороликларнинг стратегик мақсади баландликларнинг жанубий томони, ўнг ёнбағрини сақлаб туриш бўлиб, у ерда Самарқандга энг қисқа йўл бор эди. Бу ҳозирги Зарафшон дарёсидан ўтгандаги йўлдир. Қўшинларга буйруқ берадиган барча асосий беклар шу ерда жойлашганди.

Рус қўшинлари қўмондони шу кунги жанг режасига Самарқандни босиб олишни киритмаганди. Чунки отряд жазирама иссиқда ўттиз икки километр йўл босиб чарчаган эди. Уларнинг орзуси 1-май куни баландликларни эгаллаб, рақибни чекинишга мажбур қилиш эди. Улар бухороликларни эртароқ чекинтиришга эришди. Рус қўшини қўмондони генерал Головачевга бухороликлар позициясининг икки нуқтасига, ўнг томонга ва марказга ҳужум қилиш буюрилди.

Головачев полковник Абрамов қўмондонлигидаги чап қанот қўшинларини бухорликлар позициясининг ўнг қанотига юборди ва ўзи 9-, 3-чи роталар ва ўқчи  батальонлари билан бухороликлар жойлашган жойнинг марказига қараб ҳужумга ўтди.

Рус аскарлари кўкрагигача сувга ботиб, Зарафшон дарёсидан ўтди ва баландликларга югуриб чиқа бошлади. Қўшинлар баландликка кўтарилгач, бухороликларнинг отлиқ тўдаси пастда қолган қўшинларга қарши ҳужумга ўтди. Рус артиллериясининг зарбаларидан сўнг бухороликлар ниҳоят чекинишга мажбур бўлди. Бухоро сарбозлари ваҳимага тушиб, милтиқларини ва 21 дона тўпни ташлаб орқага қоча бошлади.

Буни кўрган самарқандликлар ҳам чекинишга мажбур бўлди. Қочган Бухоро сарбозлари Самарқанд шаҳрига қайтиб келганларида самарқандликлар уларни "қўрқоқ" ва "хоин" деб атаб дарвозаларини ёпиб олишди ва уларни шаҳарга киритишмади.

Ноилож Бухоро сарбозлари Каттақўрғон томон чекинди. Рус қўшинларининг ўта чарчаганлиги чекинаётган бухороликларни таъқиб қилишга имкон бермасди. Шунинг учун ҳам бухороликлар баландликлар ортида кўздан ғойиб бўлгунга қадар руслар чекинаётганларга онда-сонда тўпдан ўқ узиб турдилар.

1868 йилнинг 1 май кунида кечқурун соат 6:00 га яқин рус қўшинлари Чўпон ота баландликларини эгаллади. Руслардан жанг мобайнида 2 киши ҳалок бўлди, 38 киши яраланди.

Руслар сафида туриб жанг қилган афғонликлар ротасида ҳам йўқотишлар бор эди. Қоронғи тушгач, чарчаган рус аскарлари дам олишга жойлашди. Асосий от-аравалар ортда қолганлиги учун бу ерда ейишга ҳеч нарса йўқ эди.

2 май куни тонгда Самарқанд шаҳри диний уламолари ва маъмуриятининг катта вакиллари рус қўшинлари қўмондонига илтимос билан келганларида руслар хурсанд бўлишди. Улар рус қўмондонидан шаҳарни ўз васийлигига олишни, "оқ пошшо"га бўйсунишларини, оқсоқоллар бошлиғи Катта Амин рус генералига амир беклари зулмидан, истибдодидан азият чекаётганини билдирди.

Бу ўринда тахмин қилиш мумкинки, Самарқанд маъмурияти тинч аҳолининг қирилиб кетишидан, тарихий обидаларнинг тўплар зарбида вайрон бўлишидан, айниқса, Амир Темурнинг мақбарасининг вайрон бўлишидан қўрқишганди.

Кутилмаган бу илтимос, мусулмонлар раҳбарининг талаблари рус генералини ўйлантириб қўйди. Бу одамлар чиндан ҳам самимий ният билан шаҳарни топшириш учун келганми ёки бухороликлар учун қулай бўлган жойда рус қўшинларини янчиб ташлаш мақсадидами?

Рус қўшинлари қўмондони Самарқандни ўз васийлигига қабул қилишга розилик билдириб, шаҳарда истиқомат қилувчи барча қабилаларнинг, дин пешволари, оқсоқоллар рус қўшинларни кутиб олиш учун шаҳар дарвозаси олдида тўпланишга даъват этди. Дин пешволари бошлиғи Қози калон ва оқсоқол Катта Амин йўл бошлаб бориш учун лагерда қолдирилди. Эрталаб қўшинлар қўмондони ярадорларни кўрикдан ўтказиб, айрим роталардаги озиқ-овқат сифатини текширишни тугатаётганида икки оқсоқол Самарқандга киришни тезлатиш учун илтимос билан келишди. Улар тушга яқин шаҳрисабзликларнинг 20 000 кишилик қўшини Самарқандни эгаллаши мумкинлигини билдиришди.

Рус қўшинлари қўмондони дарҳол Самарқанд томон юришга буйруқ берди. Русларнинг учинчи ротаси Шоҳи Зинда дарвозаларини эгаллади. Қолганлари олдинга қараб йўл олиб, бир взвод ўқчилар Шоҳи Зинда тепасига қатор бўлиб тизилди...

Рустам ХЎЖАЁРОВ,

меҳнат фахрийси.