Самарқанд шаҳар ДХМда «Права»ни алмаштириш қайта йўлга қўйилди
2021 йилнинг 27 сентябридан фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш хизмати йўлга қўйилган эди.
Хизмат ишга тушгач, 1200 дан ортиқ фуқаро марказ орқали эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига ортиқча оворагарчиликларсиз алмаштирди.
Бироқ айрим техник сабаблар боис, марказ орқали мазкур хизматни кўрсатиш вақтинча тўхтатилган эди. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилиши натижасида муаммо бартараф этилди. 16 февралдан бошлаб «права»ни алмаштириш қайта йўлга қўйилди.
Таъкидлаш керакки, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришда ҳеч қандай қайта имтиҳон варақаси талаб этилмайди.
Аҳолига қулай бўлиши учун, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2022 йил 31 декабрга қадар давом этади.
Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:
● 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
● 2010–2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
● 2013–2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.
ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизмати.