Самарқанд шаҳри Жуйичуқур маҳалласининг бузилган 15 уйи:“Муаммони ким, қачон ҳал қилади?”

Билишимизча, ҳудудларда уй-жойларнинг сифатли ва ўз вақтида қурилишида ҳокимликлар ва прокуратура органларининг назорат функцияси мавжуд. Шунинг учун бу масала юзасидан депутатимиз номидан ҳокимликка мурожаат қилгандик. Афсуски, халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳудудимиздан сайланган депутат – Б.Насриевнинг сўровидан кейин ҳам бирор ўзгариш бўлгани йўқ.

Аслида масала 2018 йилда бошланган. “Servis Ulug’bek yulduzlari” масъулияти чекланган жамияти 15 та хонадон аъзолари билан келишиб, уларнинг ҳовли жойлари ўрнида кўп қаватли уй қурадиган бўлди. Ўзаро келишувга кўра, МЧЖ кўп қаватли уй битгунча фуқароларимизга ижара ҳақини тўлаб туриши белгиланди.

Ҳудудимизда замонавий бинолар қад ростлаши, одамларимиз янги шароитда яшашидан кўпчилик хурсанд бўлди. Аммо аста-секин бу масала фуқароларимизга ортиқча ташвиш келтира бошлади.
Негаки, 2018 йилда Самарқанд шаҳар ҳокимининг хонадони бузилган фуқароларимизнинг ҳовли жойларидан кўп қаватли уй қуриш ҳақида қарори чиқарилди. Қарорда 15 та ҳовли-жой бузилганлиги, улар муайян ҳуқуққа эгалиги қайд қилинмаган.

Аввалига бу ҳолатга эътибор қилмаган фуқароларимиз навбатдаги кутилмаган ҳолатга дуч келишмоқда: кўп қаватли уй қурилиши мана, 3-4 ойдирки тўхтаб қолган. Ваҳоланки, икки томонлама шартномада МЧЖ ҳар ойда қурилиш ишларининг бориши тўғрисида ахборот бериб бориш мажбуриятини олган.

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, кўп қаватли уйларда уч тизимли сифат назорати йўлга қўйилган. Уй, аввало, техник назоратдан ўтади. Буни «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси назоратчилари амалга оширади. Иккинчиси — муаллифлик назорати бўлиб, уни лойиҳани амалга оширган институт бажаради. Сўнг вилоят қурилиш бошқармаси давлат назоратини амалга оширади.
Булар ишлар амалга оширилдими-йўқми, билмаймиз. Яъни, қурилаётган уйлар сифатини тегишли мутахассислар баҳолаганидан бехабармиз. Билганимиз шуки, ҳовли-жойини кўп қаватли уй учун бузилишга рози бўлган фуқароларимизга аввал 2 қаватдан квартира беришни ваъда қилган қурувчи энди 4-5 қаватдаги хоналардан беришини билдирмоқда.
Жуйичуқурдаги 15 та хонадон манфаатларини ким ҳимоя қилади?

Ш.Тоҳиров,
Самарқанд шаҳридаги Жуйичуқур маҳалла фуқаролар йиғини раиси.