Самарқанд шаҳридаги 64-мактаб-интернат фаолияти тўхтатилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майда қабул қилинган “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернатига вояга етмаганларни қабул қилиш тўхтатилади. Айни пайтда ушбу муассасада тарбияланаётган болалар ўқишни шу ерда белгиланган тартибда тугатадилар.
Қарорда белгиланишича, Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатининг негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилади.
Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Гулзоробод” маҳалласида жойлашади ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бириктирилади.
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси эса Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри “Тадбиркор” маҳалласида жойлашиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига бириктириладиган бўлди.
Республика ўқув-тарбия муассасаларига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган вояга етмаганлар жойлаштирилади.