Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир маданий мероси асраб қолинадими?
Вилоят маданий мерос бошқармаси маълумотларига кўра, Самарқандда 130 та маданий мерос объекти йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Улар орасида Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир маданий мерос объекти ҳам бор.
Дари (эшик) – занжир (занжирланган), яъни занжирланган эшик маъносини билдиради.
Дари-занжир Самарқанд шаҳридаги қадимий маҳаллалардан бири бўлиб, шимолдан Маҳдуми Хоразмий, шарқдан Фақиҳ Абулайс, жанубдан Ялангбек ва ғарбдан Қози Ғофур маҳаллалари билан чегарадош бўлган ва аксарият аҳолиси Зомин туманининг Култепа қишлоғидан кўчиб келган.
Абу Тоҳир Хожанинг “Самария” асарида ёзилишича, “Дарвиш Холид мозори Дари Занжир маҳалласидадир. У Ҳусайн Хоразмийнинг халифаларидан бўлиб, сулуки жаҳрия экан. Дари-занжир Амир Темур Кўрагон хотинининг работи бўлиб, Чокардизанинг ғарб томонида ва мусулмонларнинг қабристонига туташган”, деб қайд қилинган. XVI-XVII асрларда маҳалла Ҳаёти Хон (Хоннинг ҳовлиси) номи билан ҳам юритилган. XVIII асрда ҳудудда мадраса, мактаб, ҳовуз, савдо дўконлари фаолият кўрсатган.
- Ота-боболаримиз Дари-занжир маданий мероси ХI асрда дастлаб қалъа бўлгани, XIV аср охирларида Самарқанднинг шарқий-жанубий қисмида маҳаллага айлантирилгани ҳақида кўп айтарди, - дейди Дари-занжир маҳалласида яшовчи Жўрахон Маллахўжаев. - Бу ерда Амир Темур ва темурийларнинг яқин қариндошлари, кейинчалик дин пешволарининг оилалари яшаган. Улар аёлларини номаҳрамлардан ҳимоя қилиб, ҳужра эшикларини занжирлаб қўйган ва бегонларнинг кириши тақиқланган. XIV аср охири XV аср бошларида Дари-занжир ҳужраси яқинида катта масжид ҳам бўлган. Масжидга келувчилар ҳужрадан дарсхона сифатида ҳам фойдаланган. Жумладан, Алишер Навоий ҳам Самарқандда яшаган йиллари бу ерга келиб турган.
2009-2016 йилларда ўзим ушбу маҳаллага раислик қилганман. Ўша йилларда ҳашар қилиб ёки тадбиркорлар ҳомийлигида объектни таъмирлаш бўйича таклиф бергандим. Аммо масъуллар маданий меросга зиён етишини айтди ва 2014 йилда объект таъмирланиши, маблағ ажратилиши маълум қилинди. Аммо ҳозиргача ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Айни пайтда мажмуа хароба ҳолатда турибди.
Дари-занжир маданий мероси маҳалла биноси рўпарасида жойлашган бўлиб, тўрт ҳужрадан иборат. Ҳозирда объект деворлари абгор ҳолатга келиб қолган ва битта ҳужра нураб тушган. Қолган учта ҳужрадан маҳалла аҳолиси омборхона сифатида фойдаланиб келмоқда. Агар мажмуа тез фурсатда ҳимояга олинмаса, қолган қисми ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин.
- Мажмуа Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритилган ва маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объекти ҳисобланади, - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Зиёдулла Насимов. - Объектнинг умумий майдони 70,13 квадрат метрни ташкил этади ва ростдан ҳам узоқ йиллардан буён таъмирга муҳтож. Шу боис, маданий мерос илмий-тадқиқот институти ва Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси билан ҳамкорликда Дари-занжир мажмуасининг лойиҳа сметаларини ишлаб чиқиб, жорий йил объектда таъмирлаш, тиклаш ва концервация ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Айтиш жоизки, бундан олдинги йилларда ҳам ушбу мажмуани таъмирлаш ва концервация қилиш мақсадида бир неча марта дастурга киритилган. Афсуски, бу ишлар қоғозда қолиб кетяпти. Биз вилоятда йўқолиб кетиши мумкин бўлган 130 та маданий мерос объектидан биттаси ҳақида тўхталдик, холос. Қолган маданий мерос объектларининг тақдири нима бўлади, улар қандай асраб қолинади?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.