Самарқанд туманида ихтисослашган мактаб қуриляпти

Бир гуруҳ журналист ва блогерлар Самарқанд туманида янгидан бунёд этилаётган ихтисослашган мактабнинг қурилиш жараёни билан танишди. 

Гулобод маҳалласида бир гектар ҳудудда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ихтисослаштирилган мактаб қурилиши давом этмоқда.

- Ушбу мактаб қурилиши учун 48,6 миллиард сўм маблағ ажратилган, - дейди “Технострой” қурилиш корхонаси иш бошқарувчиси Олим Тўхтамуродов. - Мактабда замонавий ўқув биноси, лаборатория хоналари, ётоқхона, ошхона ва спорт заллари бўлади. Ҳозиргача қурилиш ишларининг етмиш фоизи якунланган. 

480 ўринли янги мактаб биноси жорий йил октябрь ойида фойдаланишга топширилади. Мактаб табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган бўлиб, ўқувчиларга биология, кимё, физика, математика ва информатика фанлари ўргатилади. 

 

Пресс тур иштирокчилари “Баркамол авлод” болалар мактабида ҳам бўлди. 

Айни пайтда вилоятдаги барча “Баркамол авлод” болалар мактабларида 7 та йўналишда тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларга 45 минг 230 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Биргина вилоят “Баркамол авлод” мактабининг ўзида бадиий, техник, спорт, санъат, қўл меҳнати, экология ва ўлкашунослик каби 7 та йўналишдаги 41 та тўгарак фаолият олиб бормоқда. Ушбу тўгаракларда 1144 нафар ўқувчи-ёшлар қизиқишларига қараб машғулотларда иштирок этяпти. 

 

Мактаб директори Феруза Назаровага кўра, муассаса хоналарида бир пайтнинг ўзида 600 нафар ўқувчи машғулотларда қатнашиши мумкин. Тажриба-синов тариқасида 2022 йил ноябрь ойидан мактабда шахмат ва ментал арифметика тўгараклари ташкил этилган эди. Ҳозирда таэквондо, карате, гимнастика тўгараклари ҳам қўшилди. 70 та аъзо билан бошланган тўгаракларга бугун 280 нафар бола қатнаяпти.  

– Шахмат тўгарагига мунтазам қатнашаман, – дейди Самарқанд шаҳридаги 20-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Дониёр Набиев. – Дарслардан кейин тўгаракка келиб, тажрибали устозлардан шахмат сир-асрорларини ўрганяпман. Шахмат мусобақаларида қатнашиб, маҳоратимни оширяпман.

Мактабда пуллик тўгараклар ҳам ташкил этилган бўлиб, спорт йўналишлари ва ментал арифметика тўгаракларига айниқса, талаб юқори. Пулли тўгаракларга ҳафтанинг икки куни ажратилган. Бундан ташқари мактабда музей ташкил этилган бўлиб, унда 60 та экспонат ҳамда мактаб ўқувчиларининг қўл меҳнатлари ўрин олган.  “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, маҳоратларини янада юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилаётгани натижасида эришилаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда. Мактаб ўқувчилари халқаро кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларга муносиб кўриляпти. 

Бошқарма масъулларининг таъкидлашича, 2023 йил бюджет маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида 1680 ўринли ва Ургут туманидаги Мерганча маҳалласида 990 ўринли  янги мактаб бинолари қурилади.  

Сулаймон МАРДИЕВ.