Самарқанд туманида нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги 3651-ПҚ-сонли қарорининг 1-иловасига биноан Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги Низомга асосан Самарқанд тумани “Деҳнав” маҳалласида Давлат-хусусий шерикчилик асосида “Дилнура Ангелина” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.
Мазкур ҳудудда мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 458 нафарни ташкил этган бўлиб, бу ҳудудда давлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд эмаслиги, кўп сонли фуқароларнинг мурожаатларини инобатга олиб, тадбиркор Санъат Сатторовнинг ташаббуси билан муассаса барпо этилди.
Дастлаб, тадбиркор ҳамда Мактабгча таълим вазирлиги ўртасида битим тузилган бўлиб, “Orient finans” тижорат банки томонидан 15 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 1 фоизли ставка бўйича 2.1 млрд сўм кредит маблағлари ажратилиб, қисқа фурсат ичида “Фаровон Файз бинокор” масъулияти чекланган жамияти қурилиш ташкилоти томонидан замонавий лойиҳа асосида қурилиб фойдаланишга топширилди.
Мазкур муассасада 100 нафар болалар қамраб олиниши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда рўйхатга болаларни муассасага қабул қилиш бўйича уларнинг шахсий йиғма жилдлари расмийлаштирилмоқда. Шунингдек, муассасада ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини ўқитиш учун муассасадаги тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида имтиёзлар белгиланиши режалаштирилган.
Муҳташам бино, малакали мутахассислар жамоаси, замонавий техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган масканда таълим-тарбия жараёнини илғор хорижий тажрибалар асосида олиб бориш билан бирга, таълим жараёнининг сифат даражасини кўтариш мақсадида рус, инглиз тилларини чуқур ўргатиш, расм, бадиий гимнастика, сузиш ва рақс тўгараклари ташкил этиш учун малакали мутахассислар жалб қилинган.
Бир сўз билан айтганда, болаларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишлари, Ўзбекистон Республикасида белгиланган Мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясига қўйиладиган Давлат талаблари ижросини бажариш учун муассасада барча имкониятлар яратилган.
Маълумот ўрнида: Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфида бугунги кунда жами 39 та давлат мактабгача таълим муассасаси, 40 та Давлат хусусий шерикчилик асосидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси, 5 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси хамда 1 та Давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Мазкур муассасаларда ҳудуддаги жами 23328 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 7053 нафари қамраб олинган бўлиб, болалар қамрови 30.2 % ни ташкил этади. Қамраб олинган болаларнинг 5931 нафари Давлат мактабгача таълим муассасаларида, 847 нафари Давлат хусусий шерикчилик асосидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларида шунингдек 275 нафари Нодавлат мактабгача таълим муассасаларида қамраб олинган.
Йил якунига қадар тумандаги 11-,12-,15-,17-,31-мактабгача таълим муассасаларининг қайта қурилиши, инвестиция дастури доирасида 2 та, маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 та Давлат мактабгача таълим муассасасининг ташкил этилиши, муассасалардаги мавжуд таъмир талаб 12 та гуруҳ хоналарининг таъмирланиши, 30 та оилавий, 5 та давлат ва хусусий шерикчилик, 15 та нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш баробарида 4890 нафар болалар мазкур муассасаларга жалб қилиниб қамров фоизи 50.1 га етказилиш режалаштирилган.