Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумида дуал таълим

Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумида Ўзбекистон Германия ҳафталик доирасида дуал таълим мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш секторлари учун касбий таълим” (PECA) лойиҳаси катта маслаҳатчиси Tomas Lyuks, шаҳардаги иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари қатнашди.

Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумининг Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш сектори учун касбий таълим” (RECA) лойиҳаси билан ҳамкорлиги 2021 йилда бошланган. Шу даврда маҳаллий экспертлар кўмагида нон, қандолат ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш мутахассислиги бўйича “Озиқ-овқат саноати технологи” дуал таълим дастури ишлаб чиқилиб, ўқув-амалий бинолар жиҳозланган.

- Бугун техникумда кундузги ва сиртқи таълим билан бирга дуал таълим ҳам жорий этилган, - деди техникум директори Розиқ Файзиев. – Дуал таълимда ўқийдиган талабалар ҳафтанинг 4 куни шартнома имзоланган корхонада иш ўрганса, қолган 2 кун техникумда назарий билим олади. Шунингдек, Марказий Осиёдаги бошқа касб-ҳунар таълим муассасалари билан билим ва тажриба алмашдик. Шу тариқа ҳамкорлик тўғрисида бир қанча меморандумлар имзоладик ва техникум ўқитувчилари ва талабалари учун Қозоғистон Республикаси билан академик мобил алмашувларни амалга оширдик.

Тадбирда меҳмонлар техникумда касб-ҳунар ўргатиш мақсадида жиҳозланган ўқув-амалиёт хоналари билан танишди. Ҳақиқатда қандолатчилик, меҳмонхона иши, ресторан иши, сартарошлик, реставраторлик каби йўналишлар бўйича ўқув-амалиёт хоналари зарур асбоб-ускуналар билан замонавий жиҳозланган. Икки йиллик таълим жараёнида талабалар амалиёт билан назарияни биргаликда олиб боради.