Самарқанд – туркий дунё шаҳарсозлари анжумани мезбони

Самарқандда Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқининг туркий дунё шаҳарсозлик қурултойи ўз ишини бошлади.

Унда иттифоққа аъзо давлатлар вакиллари, ўзбекистонлик қурувчи ва архитекторлар, соҳанинг олим ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Қурултой очилишида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев сўзга чиқиб, иттифоқ раҳбарияти ва меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, анжуман ишига муваффақият тилади. Шунингдек, мамлакатимизда бугунги кунда Туркиянинг бир қатор йирик қурилиш компаниялари, архитектура бюролари ва лойиҳачилари фаолият юритиб, замонавий стандартлар асосида шаҳарларимиз қиёфасини тубдан янгилашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини таъкидладилар.

Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи раиси Иляс Демиржи, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркия Республикасининг собиқ Бош вазири Бинали Йилдирим, Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер ва бошқалар қарийб 25 йиллик тарихга эга мазкур иттифоқ бугунги кунда туркий дунёда тарихийлик уйғунлашган замонавий шаҳарсозлик анъаналарини жорий этиш, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишда муҳим ўринга эгалигини қайд этдилар.

– Бунёдкорлик, шаҳарсозлик орқали аслида келажак қурилади, – дейди Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим. – Унда халқнинг, миллатнинг қудрати, маданияти, ўзлиги акс этади. Бизнинг туркий халқларимиз Шарқу Ғарбда, Болқондан Байкалга қадар ана шу муҳташам бино ва иншоотлар барпо этиб, куч-қудратимизни, маданиятимизни намоён этганлар. Уч минг йиллик бу қадимий шаҳарсозлик анъаналари намуналари ҳозиргача ҳам сақланиб келинмоқда ва эндиликда улар инсониятнинг бебаҳо моддий мероси ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бундай тарихий обидалар, қадимий шаҳарсозликнинг гўзал намуналари жуда кўп ва дунё аҳли уларга ҳайрат ва ҳавас билан боқади. Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи бугун туркий давлатларнинг, халқларимизнинг ана шу меросини асраб-авайлаш билан бирга, замонавий шаҳарсозликда улардан самарали фойдалиб, улуғвор бинолар бунёд этмоқда.

Туркия Буюк миллат мажлиси депутати Иляс Топсакал туркий давлатлар қадимий катта бир цивилизацияни ташкил этгани ва бу анъаналар бугун ҳам давом этаётганини таъкидлади.

– Баъзи олимлар, мутахассислар шаҳарсозлик анъаналарида Ғарбдан илҳомланилгани ҳақида гапириб қолишади, – дейди Иляс Топсакал. – Лекин Шарқдаги қадимий обидаларни кўрсангиз, Самарқанд, Бухоро, Хивада бўлсангиз бу фикрлар хатолигини ҳис қиласиз. Чунки, туркий халқларнинг шаҳарсозлик анъаналари бир неча минг йиллик тарихга эга ва ундан бошқалар андоза олганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Биз бугун ҳам ана шу анъаналаримизни асраб-авайлашимиз ва замонавий архитектурага уйғун тарзда давом эттиримиз лозим.

Анжуман Самарқанд – турк дунёси цивилизация маркази, туркий дунёда туризм ва маданий мерос, Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган “тилда, фикрда ва ишда бирлик”, глобал иқлим ўзгаришлари: Орол денгизи истиқболи каби сессияларда ўз ишини давом эттирди. Унда Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари, юртимиз олим ва мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди.

Тадбирлар доирасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев ва Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдиримнинг учрашуви ўтказилди.

Қурултой қатнашчилари учун Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, замонавий бино ва иншоотларга саёҳат ҳам кўзда тутилган.