Самарқанд ветеринария медицинаси институти вилоятдаги 150 га яқин мактаб билан ҳамкорлик қилади
Президентимизнинг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган мазкур ҳамкорлик мактаблардаги таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишиш, битирувчиларни олий таълим муассасаларига жалб қилиш, иқтидорли ўқувчиларни юқори синфлардан турли замонавий касбларга йўналтиришни мақсад қилган.
Паст Дарғом туманининг Жума шаҳрида жойлашган 8-умумий ўрта таълим мактабида айни кунда 1600 нафардан зиёд ўқувчи таълим олади. Жорий ўқув йилида мактабнинг 23 нафар битирувчиси республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Мактаб ўқувчилари фан олимпиадалари, билимлар беллашувларининг туман ва вилоят босқичларида мунтазам ғолибликни қўлга киритади, спорт мусобақалари, турли беллашувларда фаол иштирок этади. Муассасада фан тўгараклари ҳам имкон даражасида, карантин қоидаларига мувофиқ ишлаб турибди. Бироқ ушбу таълим муассасасининг ўзига яраша муаммолари, ҳал этилиши лозим бўлган камчиликлари ҳам борлиги ўрганишлар давомида қайд этилди. Жумладан, мактаб биноси 800 ўринга мўлжалланган бўлишига қарамасдан, бу ерда икки баравар кўп бола ўқийди. Шу боис жами 58 синфдан 15 таси ҳудуддаги касб-ҳунар коллежига кўчирилган. Мактаб биноси ўтган асрнинг 60-йилида фойдаланишга топширилган. Шу пайтгача бино Давлат дастури асосида бирор марта капитал ёки жорий таъмир этилмаган.
СамВМИ раҳбарияти мактаб ҳаёти билан яқиндан танишди. Институт ректори Х.Юнусов шу ерда мазкур тумандан институтга бириктирилган 25 та мактабнинг кимё, биология, физика ва чет тили фанлари ўқитувчилари учун малака ва тажрибасини ошириш мақсадида семинар-тренинг машғулотлари ташкил этишини билдирди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.