Самарқанд ветеринария медицинаси институтида қўшма дастур асосида янги факультет очилмоқда
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Латвиянинг Табиий фанлар ва технологиялар университети билан ҳамкорликда қўшма дастур асосида озиқ-овқат сифати ва инновациялар факультетини ташкил этди.
Мазкур факультетга жорий 2020 йилдан бошлаб бакалавр таълим йўналишига ва магистратура босқичига талабалар ўқишга қабул қилинади. Талабалар «2+2» таълим дастури асосида икки йил Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ва яна икки йил Латвия университетида таълим олади. Битирувчиларга ҳар икки олий таълим муассасасини битирганлиги ҳақида махсус диплом берилади. Машғулотлар рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Озиқ - овқат сифати ва инновациялар таълим йўналишида таҳсил олган талабалар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи замонавий лабораторияларда, илмий текшириш институтларида, сифатни назорат қилиш идораларида ишлаш билан бирга, ривожланган Европа мамлакатларининг тажрибасини Ўзбекистонда тадбиқ этиш ва мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва экспортбоплигини оширишда бевосита иштирок этади.
Дарҳақиқат, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш орқали яна бир янги маҳсулот турини яратиш имконияти мавжуд. Уларни жаҳон талаблари асосида қайта ишлаб, қадоқлаб, экспортбоп маҳсулот яратиш ва уни ҳалқаро сертификатларга мослаштириш учун бизга яхши мутахассислар зарур. Самарқанд ветеринария медицинаси институтида эндиликда ана шундай мутахассислар тайёрланади.
Самарқанд ветеринария медицинаси
институти ахборот хизмати.