Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказига 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланмоқда

Айни пайтда вилоят ахборот-кутубхона марказида қайта қурилиш ишлари давом этяпти.

Мажмуа раҳбари Ш.Аҳмедованинг айтишича, кутубхона “UZPRO BUILDING” масъулияти чекланган жамияти қурилиш ташкилоти томонидан жорий йил якунига қадар тўлиқ таъмирлаб бўлинади.

20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига замон талабларига мос тарзда бунёд этилаётган кутубхонада китобхонлар учун барча қулайликлар яратилади. Жумладан, ҳаво ҳароратини мўътадил сақлаб турувчи мослама, интернет тизими, электрон китоблар жамланмаси, замонавий компьютерлар, китобхонлар учун зал ва ошхона каби қулайликлар ташкил этилади.

Дарвоқе, мазкур кутубхона вақтинча Самарқанд шаҳри Хўжа Аҳрор Вали кўчасидаги собиқ стоматология институти (Сўзангарон тиббиёт коллежи ёни)га кўчирилгани боис китобхонлар ўша ерга бориб китоб мутолаа қилишлари мумкин.