Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов: “Самарқанд давлат университетининг улуғлиги, аввало, унинг ёшида...”

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун “Билимлар куни” муносабати билан Самарқанд давлат университетида бўлиб, талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашди. Уларни янги ўқув йили билан табриклади.
Тадбирда сўзга чиққан Э.Турдимов жумладан шундай деди:
“Самарқанд давлат университетининг улуғлиги, аввало, унинг ёшида, ўзида ноёб, маърифий анъаналарни мужассам этганида, қадимий шаҳарнинг эски ва янги қисмини боғлаб турганида, бу ерда не-не алломаларнинг таҳсил олгани ва таълим берганида, қолаверса, гўзал, хушҳаво хиёбонда жойлашганида.
Академик шоиримиз Ғафур Ғулом бу дорилфунун ҳақида ёзган шеърида “Жаҳонга жамоли жаҳон орони Етказиб бергувчи бешигидир у”, деб таъриф беган. Академик Иброҳим Мўминов эса “...мен эришган барча маваффақиятларим, ўзлаштирган фазилатларим учун Самарқанд дорилфунуни олдида бир умр қарздорман” деган эди.
Ҳа, бу университетда ўқиш, ишлаш ҳаммага насиб этавермайди. Шундай экан, профессор-ўқитувчилар, талабалар ана шу номга муносиб бўлишга, СамДУ вакилининг вилоят ҳудудидаги ислоҳотларда, ижтимоий ҳаётда фаол бўлиши, бу жараёнда барчага ибрат кўрсатиши табиий ҳолга айланиши лозим. Ишонаманки, Янги ўқув йилида биз улардан ҳаётимизни янада фаровон қилишга арзигулик таклиф ва ташаббуслар қабул қиламиз”.