Самарқанд вилояти бўйича 149 та “фидер” - электр тармоқларида зарарланиш кузатилган. 14:00 гача 109 тасида таъминот тикланган

Кеча Самарқандда ёққан кучли қор кўплаб дарахтларни синдиргани, бунинг оқибатида электр энергияси тармоқларида узилишлар ва шикастланишлар содир бўлгани ҳақида хабар бергандик.

"Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти бўйича 149 та фидерлар - электр тармоқларида узилиш кузатилган. Шундан, 109 та ҳолат бўйича зарарланишлар соат 14:00 га қадар бартараф этилиб, ҳозирда 40 та электр тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 18 та фидерларда ўчишлар содир бўлди. Ушбу “авария” ҳолатлари шаҳарнинг Кимёгарлар қўрғони, Буюк Ипак йўли маскани, Суғдиёна массиви ҳудудларида, Аҳмад Яссавий, Навбоғчиён, Бўзи МФЙларида, Мотрид, Галаосиё, Ҳужум, Оби Раҳмат, Садриддин Айний ҳамда Гагарин кўчаларида электр энергиясида узилишлар содир бўлган.

Узилишларни тезкорлик билан бартараф этишга корхонанинг барча тегишли куч ва воситалари жалб қилинган.