Самарқанд вилояти, шаҳар ва туманлар прокурорлари ишчи-ходимларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга 137 та даъво аризаси киритган

Кейинги йилларда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни амалий кўмак бериш орқали кам таъминланганлик даражасидан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Самарқанд вилояти, шаҳар ва туманлар прокурорлари томонидан ҳокимлик ва бошқа идоралар ҳамкорлигида кўрсатилган амалий ёрдам билан 75 та меҳнат ярмаркалари ўтказилди, 2 921 нафар фуқаролар (шундан 945 нафар аёллар) иш билан таъминланди, 7 400 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу борада олиб борилган тадбирлар давомида 500 дан ортиқ назорат ҳужжатлари қўлланилиб, ноқонуний буйруқ ва қарорларга 287 та протестлар келтирилди. Ишчи-ходимларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга 137 та даъво аризалари киритилди, 1 065 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Шунга қарамасдан, 148,8 минг нафар шахсларни иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар долзарб бўлиб қолмоқда. Хусусан, ишсизлар сони Самарқанд шаҳри (22,9 минг), Ургут (17,5), Паст Дарғом (11,7), Каттақўрғон (11,2) ва Иштихон (10,1) туманларида юқорилигича қолган.

Шунингдек, 343 минг нафар фуқаролар иш излаб четга чиқиб кетишган. Уларни асосан Самарқанд шаҳар (63,9), Самарқанд (24,5), Пайариқ (20,2) ва Тойлоқ (19,4) туманларида яшовчи фуқаролар ташкил этган.

Ишсизлик муаммоси криминоген вазиятга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Буни 273 нафар ишламайдиганлар томонидан жиноятлар содир қилганлигидан қўришимиз мумкин.

Шу сабабли бу борадаги назоратни тизимли ташкил этиб, бандликни реал таъминлаш, ҳар қандай кўзбўямачиликларга нисбатан қатъий муносабат билдириш, унинг оқибатларини тушунтириш орқали бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш чоралари кўрилмоқда.

Жиноятчилик профилактикаси борасида 8.273 та ишсиз, ночор, низоси мавжуд оилалар, қўни-қўшнилар, 1.075 та ёлғиз аёллар, 4.019 та  ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар каби жами 23.136 нафар шахснинг рўйхати шакллантирилди. Бу борада олиб борилган тадбирлар давомида рўйхатда қайд қилинган оилаларда аниқланган 6 мингдан ортиқ муаммолар ҳал қилинди, 990 нафар муқаддам судланганлар иш билан таъминланди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида оғир турмуш шароитида яшаётган 1 691 нафар хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилди, 1 045 нафарининг бандлиги таъминланди, 1 711 нафарига 864,2 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилиб, 325 нафари уй-жой билан таъминланди.

Фарҳод ЗУФАРОВ,

Самарқанд вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.