Самарқанд вилоятида сув иншоотларининг 46 фоизи таъмирталаб аҳволда

Самарқанд вилояти аҳолисининг 65,7 фоизи марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, 55,6 фоиз аҳолига вилоят “Сувоқова” ДУК томонидан тоза ичимлик суви етказиб берилади. Қолган 34,26 фоиз аҳоли бошқа манбалар ҳисобидан ичимлик суви билан таъминланган.

Бугунги кунда вилоятда 1024 та сув иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 469 таси, яъни 46 фоизи таъмирталаб. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

- Сув қувурларининг эскириб кетганлиги сабаб жорий йилда вилоятда ичимлик суви таъминоти бўйича 1593 та авариялар содир бўлган. Улардан 1521 таси бартараф этилган бўлса, 72 таси кўриб чиқилмоқда, - деди вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси директори Комил Юсупов. – Эски тармоқларни янгилаш, реконструкция қилиш натижасида авария ҳолатлари ўтган йилга нисбатан сув таъминотида 611 та, канализация таъминотида 202 тага камайди.

Жорий йилда вилоятимизда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида республика бюджети ҳисобидан 229,3 миллиард сўм эвазига 158 та объектларда ичимлик суви ва оқава тармоқлари қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар 69 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари тугатилган. Қолган 89 та объектда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.