Самарқанд вилоятида Uzmobile мобил алоқа қамрови янада кенгаймоқда

Аҳолининг мобил алоқадан фойдаланиш даражаси ҳамда мобил сўзлашувлар ва мобил интернетга бўлган талабининг кун сайин ошиб бораётганлиги натижасида Uzmobile филиали томонидан Самарқанд вилояти бўйича алоқа қамровини кенгайтириш ва алоқа сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг 1 январь кунига қадар қарийб 4 йил давомида вилоятда Uzmobile филиалининг 143 та таянч база станциялари ўрнатилган бўлса, 2019 йилнинг январь-апрель ойлари давомида вилоятнинг Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё, Пастдарғом, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳрида 43 та таянч база станциялари ўрнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси хабар бермоқда.

Деярли ҳар бир иш кунида битта база станция монтаж қилинмоқда.

Ҳозирги кунда таянч база станциялар сонини ошириш бўйича ишлар давом этиб, тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан йил охирига қадар қўшимча равишда яна 100 га яқин таянч база станцияларини қуриш ва ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу ишлар натижасида вилоят аҳолисига тақдим этилаётган мобил алоқа ва мобил интернет қамрови ошади.