Самарқанд халқаро аэропортининг кутиш залида нега карантин қоидаларига амал қилинмаяпти?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд халқаро аэропортининг кутиш залида йўловчилар ўртасида карантин қоидаларига амал қилинмаётганлиги ва ижтимоий масофа сақланмаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан “Samarqand xalqaro aeroporti” маъмурияти муносабат билдирди:

"Мазкур видео йўловчилар аэропортнинг вақтинчалик аэровокзалидаги кутиш залига киритилган вақтда тасвирга олинган бўлиб, қуйидагиларни айтиш мумкин:

Биринчидан, айни кунда Самарқанд халқаро аэропортида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда, шу боис йўловчиларга вақтинчалик аэровокзалда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб хизмат кўрсатилмоқда. Мазкур аэровокзалнинг кутиш залида махсус ускуналар ёрдамида салқин ҳаво иқлими яратилган бўлиб, бу йўловчиларга қуёшнинг жазирама иссиғидан сақланиш имконини беради. Бироқ залнинг торлиги сабабли унда фуқаролар ўртасида ижтимоий масофани сақлашнинг имкони йўқ.

Иккинчидан, белгиланган тартибга кўра, айни кунда барча халқаро авиақатнов йўловчиларидан парвозга қадар ПЗР тестининг манфий кўрсаткичли маълумотномаси талаб қилинмоқда. Бу уларнинг ўртасида коронавирус тарқалишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Аэропортнинг кутиш залида карантин қоидаларига амал қилиниши устидан назоратни янада кучайтириш чоралари кўрилаётганлигини маълум қилинган.