Самарқанд халқаро “Челленжер”га мезбонлик қилмоқда
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Динамо” теннис кортида профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган халқаро “Челленжер” турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Эркаклар ўртасида ўтказилаётган мусобақанинг очилишида сўзга чиққан турнир супервайзери А.Корнилов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов барча иштирокчиларни катта спорт баҳси билан табриклади. Осиё ва Жаҳон кортларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Деннис Истомин, Фаррух Дўстов, Оқгул Омонмуродова, Сабини Шарипова, Нигина Абдураимова каби теннисчиларимиз шундай мусобақаларда тажриба орттиргани эътироф этилди.
Шунингдек, мусобақада дунёнинг 24 давлатидан 53 нафар моҳир теннисчилар қатнашаётгани улар сафида 8 нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги бизнинг фахримиз эканлиги таъкидланди.
Маросимдан сўнг бошланган мусобақада биринчи кортда ўзбекистонлик Олимжон Набиев бразилиялик Жоао Менизесга қарши ўйинга тушди, аммо бразилияликка ўйинни бой бериб қўйди. Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик Шониғматжон Шофайзиев ва Амал Султонбеков жуфтлик баҳсда америкалик Улисес Блач ва аргентиналик Рензо Оливо билан кортда куч синашади.
Маълумот ўрнида: Мусобақанинг умумий ютуқ фонди 54 160 АҚШ доллари этиб белгиланган. Биринчи ўринни эгаллаганга 7 200 АҚШ доллари берилади, 2 ўринга 4 240, ярим финалга чиққанларга 2 510, чорак финалга 1 460, 3 раундга 860, 2 раундга 520, 1 раундга 260 АҚШ долларидан берилади. Финал баҳси 19 май куни ўтказилади.
Сайтимизни кузатиб боринг бу ҳақда маълумот берамиз.
Ҳусан Элтоев,
Алишер Исроилов олган суратлар.