Иштихоннинг Янги Ўзбекистон ифтихорлари
Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари, иштихонлик Нигина Ўктамова, Гулсевар Ғаниева, Санобар Бозорбоева, Мафтуна Мусурмонова, Руҳшона Шакарова, Бахтиёр Яхшибоев каби спортчилар жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Иштихон туманида азалдан кўзга кўринган зиёлилар, шоир ва олимлар, спортчилар етишиб чиққан. Жумладан, давлат арбоблари Мурод Жўраев, Тўрақул Йўлдошев, шоирлардан Йўлдош Эшбек, Абдулла Турдиев, полвонлар Баҳодир Қурбонов, шифокор Ширинбой Ҳасанов, тадбиркор Мавлон Оқилов ва яна шу каби донғи кетган кўплаб забардаст, фидойилар юртимизнинг эртаси учун муносиб ҳисса қўшган. Бугун уларнинг эзгу ишларини туманнинг забардаст спортчилари давом эттириб, юртимиз довруғини дунёга танитиб келмоқда. Қуйида ана шундай фаол ёшларнинг фаолияти ҳақида сўз юритамиз.
Ўзбекистоннинг бокс маликаси
Нигина Ўктамова 2003 йил Иштихон туманида туғилган. 2019 йилдан бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибига жалб қилинган. Нигина ўзбек боксчи қизлари орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчи ҳисобланади. У 2021 йил Польшада ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида олтин медалга сазовор бўлган. 2021 йил U-20, 2023 йил U-23 ёш тоифаларида Осиё чемпионатларида чемпионликка эришган. 2021 йил «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» дея эътироф этилган. Халқаро майдонда кўрсатган натижалари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
- Оилада икки нафар қизимиз бор, - дейди Нигинанинг онаси Лайло Саидова. – Нигина ёшлигидан шижоатли, қўрқмас эди. Расм ва эскизлар чизишга қизиқарди. Тўғриси, бироз уришқоқлиги учун отаси билан келишиб, дастлаб каратэ тўгарагига бергандик. Икки йилга яқин ушбу спорт тури билан шуғуллангандан сўнг машғулотларга боришни истамади. Тоғаси бокс залига олиб бориб, қизиқтиргандан кейин шу спорт тўгарагига бердик.
Кейинчалик ўзининг меҳнати, шижоати билан мусобақаларга чиқди, терма жамоага қабул қилинди. Осиё чемпиони, Ўзбекистон тарихида илк жаҳон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Айниқса, илк марта “қизил бурчак, Нигина Ўктамова - Ўзбекистон чемпиони!” деб эълон қилинганда барчамиз қувонгандик. Қизимнинг ҳар бир жангини ҳис-ҳаяжон билан кузатиб бораман. Қизим, чемпион бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтараман, дерди. Аллоҳга шукр, ниятига етди, чемпион бўлиб, бизнинг, устозларининг ишончини оқлаяпти.
Нигина яқинда Францияда ўтказилган ўттиз учинчи ёзги олимпия ўйинларида ҳам қатнашди. Аммо Париж олимпиадасининг бокс мусобақаларида ўзи истаган даражада муносиб қатнашолмаган бўлса-да, тажриба ва маҳорат орттирди. Улкан ғалабалар сари яна бир муҳим қадам ташлади. Унинг бошқа спортчиларга қараганда ёш эканлигини ҳисобга олсак, олдинда ҳали яна бир нечта олимпия ўйинлари, Осиё ҳамда жаҳон чемпионатлари турибди. Ишонамизки, Нигина юртимизга ҳали жуда кўп нуфузли мусобақаларининг олтин медалларини келтиради.
Гулсевар Ғаниева – Осиё ва жаҳон чемпиони
Гулсевар Ғаниева 2005 йилда туғилган. Тумандаги 35–умумтаълим мактабида таҳсил олиш билан бирга, Хуршид Турсунов мураббийлигида бокс билан шуғулланган. У катта спортдаги дастлабки ғалабасини 2019 йил Сурхондарёда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қўлга киритган. Ушбу турнирда у учинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат чемпионатда қўлга киритилган дастлабки бронза медаль Гулсеварнинг ўзига, ота-онаси ва мураббийларига унинг кейинги фаолиятига умид бағишлаган ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасига қабул қилинган. 2020 йил Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги мамлакат чемпионатида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.
Гулсевар Ғаниева 2021 йилда Ўзбекистон чемпиони, Россияда бокс бўйича қизлар ўртасидаги халқаро турнир ғолиби, Дубайда ўсмир ва ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида дастлабки олтин медалга сазовор бўлди. 2022 йилда Испанияда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби, Ўзбекистонда йилнинг энг яхши ёш спортчиси, 2023 йилда Беларусь пойтахти Минск шаҳрида II МДҲ спорт ўйинлари олтин медални қўлга киритди.
“Олдинга интилишдан тўхтамайман”
Нафақат Иштихон туманининг, балки мамлакатимизнинг фахрига айланган умидли боксчи қизларимиздан бири Мафтуна Мусурмонова ҳақида унинг уйидан гапирамиз. Мафтуна яшайдиган хонадонга кириб борар эканмиз, супуриб-сидирилган ҳовлида бизни чемпионнинг онаси Матлуба Худойқулова илиқ кутиб олди. Ҳали уйга кирмасданоқ Мафтуна ва унинг дадаси билан ҳам танишиб олдик. Салом–аликдан сўнг Мафтунани суҳбатга тортдик.
- Мафтуна, тўғрисини айтганда Иштихон туманининг чекка бир қишлоғида, камтаргина ўқитувчилар оиласида туғилган қизалоқдан бутун дунёни ларзага солаётган чемпион чиққанига ҳали ҳим кўпчиликнинг ишонгиси келмайди чамамда. Ўзингиз-чи, шундай юксак натижаларни қўлга кирита оламан, дея ўйлаганмидингиз?
- Бокс билан шуғулланиш қишлоқ қизлари учун бироз нотабиийроқ туйилиши мумкин. Шунинг учун ҳам кетма-кет уч марта Ўзбекистон чемпионатларида олтин медални олганимга, Осиё ва жаҳон чемпиоантларида муносиб иштирок этганимга қандайдир шубҳалар бўлиши таббий. Аммо мен спорт билан жиддий шуғулланиш баробарида ота-онамни, яқин қариндошларимни ва қишлоғимизни, қолаверса, туманимизни дунёга танитганимдан ҳар қачон мағрурланиб яшайман. Бу бошланиши, холос. Спорт оламида бундан-да юксакроқ мувоффақиятларни қўлга киритишни, бутун дунё боксчилари орасида алоҳида ҳурмат-эътиборга эришишни истайман. Насиб бўлса, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида кўтараман ва бунинг учун ҳаракат қилишдан тўхтамайман.
- Нима учун айнан боксни танлагансиз. Спортнинг қизларга хос турлари ҳам борку. Масалан, шахмат-шашка, енгил атлетика, волейбол, баскетбол, қўл тўпи деганларидек..?
- Тўғрисини айтсам, тумандошимиз Нигина Ўктамованинг жаҳон чемпиони бўлганини эшитиб, чин дилдан ҳавас қилдим ва унга ўхшагим келди. Шу баҳона бокс оламига кириб келдим. Нигина опам хотин-қизлар ҳам рингда ғолиб бўлишга ҳақли эканлигини бутун бунёга исботлаб берди. Мен ҳам худди шу йўлни танлаганман ва бор кучимни, имкониятларимни фақат спортга сарфлайман. Орзуларим бу оламга сиғмайди. Мен Иштихон деганда дунё халқлари сўлим ва тупроғи олтин гўшани, чексиз имкониятлар, беҳисоб орзу-истаклар маконини ҳамда шу ҳудудда бахтиёр яшаётган Мафтуна Мусурмоновани кўз олдига келтиришларини хоҳлайман. Бу мақсадимдан қайтмайман.
- Эндигина 16 ёшга етдингиз. Шу ёшгача бокс оламидаги хотин-қизлар ўртасида қўлга киритган натижаларингизнинг қайси бири ўзингиз учун энг қадрлиси саналади?
-Ҳали ўзимдан, эришган натижаларимдан қониқадиган даражага етганим йўқ. Ўзим учун энг қадрлиси ҳали олдинда турибди деб ўйлайман. Буни ношукурлик деб тушунманг. Яратганга шукрки, бугунга қадар уч марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритдим. 2023 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўсмир ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни олдим. Арманистон пойтахти Ереванда ташкил қилинган жаҳон чемпионатида қатнашиб, мусобақа кумуш медалини туманимизга олиб келдим. 2024 йил Россияда ўтказилган “Осиё болалари” халқаро турнирида ҳам биринчи ўринга кўтарилдим. Аммо бу натижалар билан чекланиб қолиш ниятида эмасман. Фақат олдинга қараб дадил қадам ташлаш учун янада қатъият билан шуғулланяпман.
Буюк ғалабалар илҳомчиси
Спортда мураббийларнинг, соҳа масъул раҳбарларининг, спорт мактаблари мутасаддиларининг бевосита иштирокисиз бирор бир натижага эришиб бўлмайди. Биргина Иштихон туманидан қисқа муддатда кетма-кет уч нафар мамлакат, Осиё, жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорларининг чиқиши жуда юксак натижа. Демак, туманда шунга яраша имконият, тажриба ва мактаб бор. Ўз ишига содиқ ва фидоий инсонлар тўпланган. Иштихонлик спортчиларнинг эришаётган ютуқларида туман спорт мактаби директори Олимжон Саъдуллаевнинг ҳиссаси катта.
Олимжон билан суҳбатимиз Мустақиллигимизнинг илк йилларидан буён қаровсиз қолиб келаётган катта стадионда ўтди. Қисқа муддатда бутунлай янгича тусга кирган ушбу футбол майдонини кўриб, кишининг кўзи қувнайди.
- Катта стадионимизнинг реконструкция қилингани,аввало, туман спорт мактабининг барча мураббийлари ва спортчиларига ҳамда туманимиз фуқаролари учун қулайлик яратди, - дейди Олимжон Саъдуллаев. - Яқинда ушбу стадион футбол мактабимиз тасарруфига ўтказилди. Энди биз ҳам бошқаларга ўхшаб туман, вилоят ҳамда республика миқёсидаги футбол мусобақаларини бемалол ўтказишимиз мумкин. Бу биз учун нафақат имконият, балки жуда катта масъулият ва жавобгарлик ҳамдир. Бизга ишонч билдирилдими, демак шунга лойиқмиз. Энди ана шу ишончни оқлаш учун ишлашимиз лозим. Аввало, спорт мактабида малакали, тажрибали мураббийларни янада кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўлажак чемпионларни ҳар бир мусобақага тайёрлаш, чемпионлар сонин йилдан йилга кўпайтириш жамоамизнинг олдида турган асосий вазифа саналади.
Айни пайтда спорт мактабида 1276 нафар ўқувчига 70 нафарга яқин тренер-ўқитувчи спортнинг 19 та тури бўйича мураббийлик қилишмоқда. Уларнинг 8 нафари олий, яна 8 нафари биринчи, 2 нафари иккинчи тоифага эга. Шунингдек, ушбу масканда 5 та спорт устаси, 20 та спорт усталигига номзодлар, 30 дан ортиқ турли разрядли устозлар ёшларга сабоқ бериб келишмоқда. Бугунги кунда мактаб тасарруфида замонавий жиҳозланган ўнлаб ёпиқ ва очиқ турдаги спорт иншооатлари, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдонлари, боксчилар, таэквандочилар, курашчилар учун алоҳида спорт заллари фаолият кўрсатмоқда.
Иштихон туманида спортга, ёшларнинг келажагига эътибор талаб даражасида. Ишонамизки, спортчиларнинг эришаётган натижалари давомли бўлади ва Янги Ўзбекистон номини бутун дунёга танитади.
Нормурод МУСОМОВ,
журналист.