Самарқандда 10 июндан болалар оромгоҳлари ўз фаолиятини бошлайди

Оромгоҳларнинг вақтида очилмагани ҳали тайёргарлик ишларининг тугамагани билан боғлиқ. Бу йилги оромгоҳларга 10 мингга яқин болалар қамраб олиниши режалаштирилган.

Жорий йилда вилоятда 16 та оромгоҳ болалар учун ёз мавсумини кўнгилли ўтказишга хизмат қилади. Шулардан 12 таси Республика Президентининг 2022 йил 19 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши тасарруфига ўтказилди.

Бу ҳақда 2023 йилги ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ўтказилган ҳудудий семинарда маълум қилинди.

Бу йил болалар оромгоҳларининг 90 фоиз директорлари алмашди, - деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Янги директорлар аттестациядан ўтказилиб, ишга олинди. Янгиликлардан бири болалар оромгоҳларида бу йил аутсорсинг йўлга қўйилади. Вилоятда уч нафар тадбиркор тендерда ғолиб бўлди, улар таомнома асосида болаларга овқат пишириб беради. Шунингдек, энди оромгоҳлар доимий фаолият олиб боради, аввалгидек мавсумий ишлаб, кейин қаровсиз қолдирилмайди. Қаровсизлик оқибатида республика бўйича қанча оромгоҳлар ёпилиб кетди. Болалар оромгоҳлари бирин-кетин қайтадан капитал таъмирланади ва қиш мавсумида ҳам ишлашга мослаштирилади. Бу йил ҳар бир болалар оромгоҳларига сиғимига қараб 500-600 миллион сўмлик кроват, чойшаб, идиш-товоқлар олиб келинди. 

Семинарда тегишли муассаса масъуллари томонидан болалар оромгоҳларида яратилаётган шарт-шароитлар, шунингдек, камчиликлар ҳам тилга олинди. 

Вилоятдаги 16 та оромгоҳ ва 66 та соғломлаштириш майдончаларимизда жами 22 650 нафар бола қамраб олинадиган бўлса, бу 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг атиги 3 фоизини ташкил қилади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг таълим муассасаларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари Акмал Олимов. – Энди оромгоҳлар сони кўпайтирилса, келажакда бу кўрсаткич ошишига умид қиламиз. Бу йил оромгоҳларда тарбиячи, етакчи, кутубхоначи каби 342 нафар педагоглар хизмат қилади. Ўн кунлик мавсум учун режа ишлаб чиқилган бўлиб, педагоглар болаларга миллий халқ ўйинлари, эртаклар, ҳарбий ватанпарварлик, йўл ҳаракати қоидалари, китобхонлик сингари ҳар хил машғулотлар ўтади.

Бундан ташқари, оромгоҳларга вилоятдаги мавжуд театрлар ўз саҳна кўринишлари билан болажонларнинг мароқли дам олишига ҳисса қўшса, спорт усталари спорт ўйинлари ташкил этади.

Оромгоҳларга тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари бириктирилади. 

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши биносида 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган. Навбатчилик куну тун  оромгоҳлардаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Семинарда янги директорларнинг виждонан ишлаши, ҳар бир соҳа ходими масъулиятни ҳис этиши, болаларнинг оромгоҳларга хавфсиз келиб кетиши каби масалалар ҳам муҳокама этилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.