Самарқандда 17 миллионта дарахт экилади

Жорий йилнинг 10 март куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан республикамиз бўйлаб давом этаётган “Бир миллион дарахт” акцияси Самарқанд вилоятида кўтаринки кайфият ва шижоат билан давом эттирилди.
Ҳаракат ҳудудий бўлинмасининг ташаббуси билан табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига, ўз келажагига бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик вакиллари, жумладан, Ҳаракатнинг фаол аъзолари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши қошидаги “Самарқанд волонтёрлик мактаби” волонтёрлари, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Жомбой тумани ҳокимлиги ҳамда туман аҳолиси вакилларидан иборат катта гуруҳ кўчат экиш ишларига жалб қилинди.
Дастлабки саъй-ҳаракатлар натижасида Жомбой тумани Галакапа қишлоғидаги туман ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли 1,5 гектарли майдонда 2 500 дан зиёд терак кўчатлари экилди.
“Бир миллион дарахт” акцияси 2019 йил кузида старт олган бўлиб, ўтган йилда республикамизнинг 8 та вилоятида ўтказилган акция доирасида 1 500 000 дан зиёд дарахт кўчатлари экилган.
Самарқанд вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси вакилларининг хабар беришича, 2020 йилнинг ўзида Самарқанд вилоятида ҳудуднинг ҳолатидан келиб чиқиб, 17 000 000 тупдан зиёд каштан, қрим қарағайи, лола дарахти, эман, виргин арчаси, шарқ туяси, япон сафораси, катальпа, шумтол, қайроғоч, тут, заранг, акация, терак, бошқа турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари, мевали ва ёнғоқ мевали дарахт кўчатлари, қаламчалар экилиши режалаштирилган.
Мазкур акция доирасида дарахт кўчатлари фақат экиб қолинмай, ҳар бир ҳудудда кўчатларга масъуллар ҳам бириктирилмоқда. Чунки фақат дарахт экиш билан иш битмайди, уни парваришлаш учун алоҳида эътибор қаратилмаса, самарали натижага эришилмайди.
“Бир миллион дарахт” акцияси бошқа ҳудудларда ҳам давом этади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси.