Самарқандда 6 та аҳоли пункти учун 8 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилади
Ушбу маблағ олис ва марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган ҳудудларда таъминотни йўлга қўйишга сарфланади. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган.
Унга кўра, Каттақўрғон тумани, Омонкалхат (Эзгулик) маҳалласида 18 километр тармоқ тортилади, 1 та объект қурилиб, яна бири реконстукция қилинади. Жами 2 миллиард 879,3 миллион сўм сарфланадиган бу иш натижасида 2447 нафар аҳоли марказлашган ичимлик сув тармоғига уланади.
Тойлоқ тумани Бирлик маҳалласидаги 2515 нафар аҳоли ҳам келгуси йилда ана шундай қулайликка эга бўлади. Бунинг учун 1 миллиард 255,7 миллион сўм маблағ ажратилади.
Иштихон тумани Шайхислом маҳалласи Сарой қишлоғида 1 миллиард 120 миллион сўм эвазига 6,5 километр тармоқ тортилиб, 1 та объект қурилади. Натижада 1650 нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви тармоғига эга бўлади.
Булунғур тумани Мўғол қишлоғидаги 750 нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 4 километр тармоқ тортилиб, 1 объект қурилади. Бунинг учун 1 миллиард 50 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Нуробод тумани "Дўстлик" аҳоли пункти ва Пайариқ тумани Бошқўрғон маҳалласидаги ана шундай ишлар натижасида 4935 ҳамда 4488 нафар аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Қарорда вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров) 2022 йилда ичимлик суви билан таъминланадиган ҳудудларида бажариладиган ишлар ҳолати тўғрисида ҳар 6 ойда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳисобот бериб бориши белгиланган.
Маҳаллангиз учун ажратилаётган бюджет пулларининг сарфланишига бефарқ бўлманг!