Самарқандда 76 минг тонна маҳсулот захираси яратилади
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг сессиясида вилоят ҳокими Э.Турдимов озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳақида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, 2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумида ички бозорни асосий турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаш мақсадида уларни захирага жамғариш бўйича қарор қабул қилиниб, маҳсулот захираси миқдорлари белгиланган.
Унга кўра, жами 76 минг тонна маҳсулот:
40 минг тонна картошка;
17 минг тонна пиёз,
12 минг тонна сабзи,
7 минг тонна гуруч жамғариш белгиланган.
Бугунчага 21,6 минг тонна маҳсулот жамғарилди.
Маҳсулот харид қилиш учун ҳудудий тайёрлов ташкилотларига банклар томонидан 10,3 миллиард сўм кредит ажратилди.
Вилоят ҳокимининг қарори билан маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш ишларини молиялаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимлари қошида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилди.
Вилоятимиздаги деҳқон бозорларида 20 та (жумладан, Самарқанд шаҳрида 5 та) арзонлаштирилган маҳсулотлар сотишга мўлжалланган ижтимоий расталар ташкил қилинди.
Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари қошида 39 та тайёрлов харид корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан 5057 тонна маҳсулот захира қилинади.
Самарқанд шаҳрининг Сартепа, Қорасув массивлари ва Кимёгарлар қўрғонида намунавий лойиҳалар асосида енгил конструкцияли “Яшил дўкон”лар ташкил этилмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йилнинг май ойига қадар вилоят аҳолисининг эҳтиёжи қуйидагича:
- картошка - 84 минг тонна;
- гўшт – 73 минг тонна;
- гуруч – 19 минг тонна;
- ун маҳсулоти – 150 минг тонна;
- шакар – 21 минг тонна;
- ўсимлик ёғи – 18 минг тонна;
- тухум – 403 млн. дона.
Фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан жорий йилда етиштирилган картошка, сабзи, пиёз, тухум, буғдой маҳсулотлари ҳисобига ушбу эҳтиёж тўлиқ қопланади. Чунки бу йил вилоятда
- 1 миллион 654 минг тонна сабзавот;
- 126 минг тонна полиз;
- 630 минг тонна картошка;
- 337 минг тонна мева;
- 67 минг тонна дуккакли дон маҳсулотлари етиштирилмоқда. Вилоятдаги 20 та ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар 6 ойда 76 924 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Эҳтиёж учун 10,9 минг тонна (62 фоиз) маҳаллий, 6,7 минг тонна (39 фоиз) хориждан ёғ олиб келишни режалаштирилган.
Бугунги кунда вилоятда 182 минг 880 тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга 230 та омбор фаолият кўрсатмоқда.