Самарқандда 9 та уй ҳужжатсиз қурилаётган экан
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши 81-сессияси маълумотларига кўра, ўтган йили 111 та кўп қаватли уйлар қурилиши бошланиб, ўтказилган назорат тадбирларида 9 та уй шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан қурилаётганлиги аниқланган.
Хусусан, Самарқанд шаҳар, Ал-Хоразмий кўчаси 51 ва 51В-манзилларда ноқонуний қурилаётган 48 та хонадондан иборат 6 қаватли уй-жойлар қурилишини тўхтатиши тўғрисида шаҳар қурилиш бўлими ҳамда вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан огоҳлантирув хати ва ёзма кўрсатмалар берилган.
Қурилиши корхонаси раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилишига қарамасдан, қурилишни тамомлаб, хонадонларни фуқароларга сотиши оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Ҳолат юзасидан корхона мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.