Самарқандда алимент бўйича суд қарорлари ижроси сустлиги сабаб мурожаатлар кўпайгани айтилди

Вилоятда алимент ундириш бўйича суд қарорларининг ижроси сустлиги сабабли бу борада аёллар мурожаатлари кўпайган. Бу борадаги ишларни қайта ташкил қилиш лозим. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгаши навбатдаги сессиясида маълум қилинди.

Сессияда аёллар ҳуқуқлари бўйича қатор таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизлар билан ишларни тизимли тишкил этиш. Уларга психологик ёрдам берилиши ҳамда меҳнат фаолиятини бошлаши учун қулай шароитлар яратиш лозилиги айтилди.

Шунингдек, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Инновацион ривожлантириш ва вилоят халқ таълими бошқармалари масъул топшириқ ижроси ҳам қониқарли эмас деб баҳоланди.

Негаки, вилоятнинг барча ҳудудларидаги, айниқса чекка қишлоқлардаги иқтидорли қизларни излаб топиш, уларни ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, улар томонидан яратилган интеллектуал лойиҳаларни тарғиб этиш ишларига кўмаклашиш бўйича ишлар етарли ташкил қилинмаган.

Ўзини ўзи банд қилган хотин-қизлар ва эркакларни қўллаб-қувватлаш, бундай шахслар томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш бўйича ишлар қониқарсиз аҳволда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Бандлик бош бошқармаси, вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари бу масалага эътиборсиз қараётганига урғу берилди.