Самарқандда аёллар ва ёшлар учун агробизнесга йўл очувчи семинар ўтказилди

Самарқанд шаҳрида "Фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида интенсив усулда боғдорчилик ва узумчилик. Маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш. Қишлоқ хўжалигида бизнесни режалаштириш ва молиялаштириш, маркетинг ва брендлаш" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, фермерлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди. Семинар Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, вилоят ҳокимлиги, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида, Германия тараққиёт банки (KfW) ҳамда “Бизнес ва финанс консалтинг” (BFC) GmbH ташкилотининг молиявий кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида интенсив усулда боғдорчилик ва узумчиликни ташкил этиш, етиштирилган маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва бу йўналишда бизнесни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Самарқанд вилоятидаги барча тоифадаги хўжаликларда мавжуд 42,4 минг гектар боғларнинг 18,4 минг гектари интенсив боғлардир. Келгусида замонавий боғларни кенгайтириш — ерлардан самарали фойдаланиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари самарадорлигини ошириш, шу билан бирга мева етиштириш ҳажмини кўпайтиришга замин яратади.

Вилоятда мавжуд боғ-токзорлар майдонини кенгайтиришда интенсив усуллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда 2,5 минг гектар янги боғ ва 1,2 минг гектар токзор барпо этиш белгиланган бўлиб, баҳор мавсумида 1,3 минг гектар боғ ва 1,2 минг гектар янги токзорлар ташкил этилди.

2024 йилда вилоятда етиштирилган 401,8 минг тонна меванинг қарийб 69 минг тоннаси саноат усулида қайта ишланган. Бу йўналишда самарадорликни ошириш учун қўшимча қиймат занжирини яратиш, аҳолини, айниқса хотин-қизларни агротадбиркорликка жалб этиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

– Мазкур семинардан асосий мақсад – хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишдан иборат, – деди “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раҳбари Адиба Ахмаджонова. – Аҳоли томорқаларида йил давомида мева-сабзавот етиштириб, даромадни ошириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Семинарда шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш, бизнесни йўлга қўйиш масалалари бўйича мутахассислар ўз фикрларини билдирди. Иштирокчиларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди. Уларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари батафсил жавоб берди.