Самарқандда аёлларни алдаб кун кечирадиган яна бир йигитга ҳукм ўқилди

Пайариқлик Д.М. (исм-фамилиялар шартли) 2 нафар аёлни чув туширишга улгурди. Улар алданганлигини билиб ИИБга мурожаат қилди.

Жонибек йигирма икки ёшда. Тенгқурлари қатори у билим олишга, ҳунар эгаллашга қизиқмади. Осон йўллар билан мўмай пул топишни ўйлади. Меҳнат қилмасдан топилган пуллар панжара ортига бошлади. Уч маротаба судланиб, жазога тортилди. Шундай бўлса-да Жонибек эгри йўлдан қайтмади, бу кўргуликлардан сабоқ олмади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас қабилида иш тутиб, яна жиноятга қўл урди.

Ёз кунлари эди. Жонибек эрталабдан бирорта содда одамни алдаб, мулкига эга чиқишни режа қилиб уйдан чиқди. Челак шаҳридаги шифохонага келди. Шифохона ҳовлисига кирганда бир қизни кўриб, у билан танишишга ошиқди. Қизнинг исми “Зебо” экан. Жонибек ширин гапларини аямади, танишганига ҳеч қанча вақт бўлмай, қизга кўнглини “ёрди”, яхши кўриб қолганини, рози бўлса уйланишини айтди. Шу пайт қиз онаси шифохонада даволанаётганини, бироздан кейин чиқишини айтиб, ичкарига кириб кетди.

Бир ўзи қолган Жонибек шифохона ҳовлисида турган “Дамас” автомашинаси ҳайдовчининг ёнига келди:

- Ака, бу хизмат машинангиздаги темир панжаралар қўлбола усулда ясатиб қўйилганми? – деб гап бошлади.

- Ҳа, “Дамас”га махсус темир панжара бўлмагани учун қўлда ясалганидан қўйилган, - деди ҳайдовчи.

Жонибек ҳайдовчи билан бироз ҳамсуҳбат бўлди. Ўзини таништириб, шаҳарда ишлашини, “УВД”да ходим эканини айтди.

- Қачон шаҳарга борсангиз, ишхонамга боринг. Ўзим сизга корхонада ишлаб чиқарилган панжара бериб юбораман, - деди. – Шифохонада қайнонам даволаняпти, бўлажак келинингиз ҳам шу ерда, онасига қараб ётибди. Бир хабар олай деб келгандим, ана келинингиз, - деб шифохона эшигидан чиқаётган ҳалиги қизни кўрсатди. - Ака, телефонингиздан бир марта фойдалансам бўладими? Келинингиз билан расмга тушиб олсам, кейин расмларни шу ерда бирорта суратхонадан чиқариб, бериб кетаман, - деди.

Ўткир унинг гапларига ишонди. Жонибекка ўзининг “Samsung A 40” русумли телефонини бериб юборди. Жонибек яқинда танишган қизнинг олдига бориб, бир-иккита расмга тушди.

Тушлик вақти бўлиб, Ўткир овқатланишга чиқаётганди. Ҳамкасбларидан бирининг телефонидан ўзининг телефонига қўнғироқ қилиб, Жонибек билан гаплашди. Жонибек тушликка бораётганини, ишга кетадиган бўлса телефонни бўлажак турмуш ўртоғига ташлаб кетишини тайинлади.

Ўйлаган мақсадига осонгина эришган Жонибек тезда бу ердан кетди. Телефонни ўчириб қўйди. Ўткир тушликдан сўнг шифохонадаги қиздан телефонини сўради. Нотаниш қиз Жонибекни яхши танимаслигини, ҳеч қандай телефон ҳам бермаганини айтди. Шундан сўнг ҳолат ҳақида ИИБга хабар берди.

Жонибек телефонни Паст Дарғом туманидаги Жума бозорида бир нотаниш кишига 1 миллион сўмга пуллаб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди.

Орадан анча вақт ўтди. Яна “ҳунар”ини соғиниб қолган Жонибек бирор кимни чув туширишни ўйлаб Самарқанд шаҳрига келди. 

Қора рангли ҳарбийлар кийимига ўхшаш кийим кийиб олган Жонибек шаҳардаги “Ҳазора” маҳалласига келди. Шу ерда жойлашган ҳарбий кийимлар тикадиган тикувхонага кирди. Тикувчи бўлиб ишлайдиган Маржонани олдига келиб:

- Ҳарбий кийимни қанчадан тикяпсиз? – деб сўради.

- 300 минг сўмдан тикамиз.

- Менга қора рангидан тикиб беринг.

- Ҳозир вақтим йўқ, “заказ”ларим кўп, - деди тикувчи.

- Мен сизга 300 минг эмас, 500 минг сўм бераман, илтимос, меникини тезроқ тикиб беринг, - деб чўнтагидан 500 минг сўм пул чиқарди.

Шундан кейин Маржона Жонибекдан ўлчам олиб, унинг буюртмасини тика бошлади. Жонибек тикувчи жувонни ёнида ўтириб, у билан яқиндан танишишга уринди.

Аввалига ўзини таништириб, Самарқанд шаҳри бўйича махсус отряд командири бўлиб ишлашини, исми-шарифи Шоҳимардон Давлатов  эканини айтиб, қизнинг ҳам исмини билиб олди.

- Турмушга чиққанмисиз?

- Ҳа, турмушга чиққандим, кейин ажрашиб кетдик.

- Мен ҳам ажрашганман, ҳозир бўйдоқман.

Маржона буюртмани тикиб бўлгунча Жонибек уни ишончига кирди. Ёқтириб қолганини айтиб, манзилини, телефон рақамини билиб олди. Ота-онаси рози бўлса, унга уйланишини айтди. Ҳаракатлари янада ишончлироқ чиқишини ўйлаган йигит, қизнинг уйига борадиган бўлди. Йўл-йўлакай бозорлик қилиб, қизникига ўтди. Ота-онасига ўзини таништириб, ёшлигида ота-онаси вафот этганини, меҳрибонлик уйида катта бўлганини, гап орасида Маржонани ёқтириб, анча пайтдан бери кузатиб юрганини, уларнинг розилигини олиб турмуш қуришини айтди. Тошкентда ҳам, Самарқандда ҳам ўзининг уйи борлигини, иши тайинли эканлигини қўшиб қўйди.

Гапга уста йигит Маржонанинг ота-онасини тўқиган ёлғонларига ишонтирди. Қизнинг ишончига кирган Жонибек энди режаларини амалга оширишга ўтди. Маржонага шахсий муаммолари чиқиб қолганини, Тошкентга бориб келиш учун пул кераклигини айтди. Кейинги кун Маржона 6 миллион сўм олиб чиқди.

- Бу пуллар кам-да, кўпроқ керак менга. Тилла тақинчоқ топилса ҳам майли, тақинчоқларни гаровга қўйиб пул оламан. Лавозимимни кўтаришяпти, энди Тошкентда яшаймиз, - деб Маржонани саробга ишонтирди.

Шундан сўнг Маржона қариндошларидан 800 доллар ва 12.500.000 сўмлик тилла тақинчоқларни қўш қўллаб берди.

Ўша куни Жонибек чиройли кийиниб олиб, Маржонани олдига келди. Тошкентга тақдирлаш маросимига кетаётганини айтди. Келган машинасида Маржонани бироз сайр қилдириб, кейин “бир соатда келаман, тайёр бўлиб тур” деб яна ишхонасига ташлаб кетди. Йигитга чин дилдан ишонган жувон уни интиқ бўлиб кутди. Аммо кечгача Жонибекнинг телефонига боғланолмагач алданганини англади. Шунда ҳам умид қилган Маржона эртаси куни ноилож ИИБга мурожаат қилди.

Жонибек тилла тақинчоқларни шаҳарда 4,2 миллион сўмга сотди. Пулнинг ғамини емай анча пайт маза қилиб яшади.

Жонибекка охирги тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми шу муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганди. Кейин шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, қидирув эълон қилинди. Мазкур иш бўйича жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг ажримига асосан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва Жонибек 2021 йил 19 январда ушланди.

Судда Жонибек айбини тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Суд ҳукм чиқарди: Жонибек 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Маржонанинг фойдасига 26.900.024 сўм ундириладиган бўлди. Иш бўйича ашёвий далил сифатида олинган “Samsung А 40” уяли телефони эгасига қайтарилди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.