Самарқандда электротехника йўналишида йирик ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши мумкин

Президент ҳузурида электротехника соҳасида янги захираларни сафарбар қилиш бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.

Қилиниши лозим навбатдаги ишларга тўхталаркан, давлат раҳбари, энг аввало, жорий йилда ишлаб чиқаришни камида 20 фоизга ошириш вазифаси қўйди. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси янги лойиҳалар бўйича тинимсиз изланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, 2021 йилда ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 1,3 млрд долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинган.

Жорий йилда 500 минг хонадон ичимлик суви билан таъминланади. Бу, уларга сув иситиш қозон ва қуёш коллекторлари, сув ҳисоблагичлари керак, дегани.

Умуман, жорий йилда 250 миллион долларлик 86 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди ва янги бир қатор лойиҳалар бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда мутасаддиларга яна 1,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳокимларига Тошкент шаҳридаги “Технопарк” каби электротехника кластерларини йўлга қўйиш топширилди.