Самарқандда икки килограмм опий “операцияси” барбод қилинди. Оқибатда наркокурьер ўн ярим йил “ўтириб чиқади”ган бўлди
Бундан бир неча кун олдин жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг очиқ суд мажлисида Ботир Ташановга (исм, фамилия шартли) нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқилди.
Суд материалидан: Ботир Ташанов 1980 йил 11 апрель куни Ургут туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, муқаддам судланган, ишсиз, оилали.
Аслида бу воқеа апрел ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган. Ўшанда Ботирга таниши Иброҳим Кўлиев қўнғироқ қилиб, уйига келишини, маслаҳатли иши борлигини айтади. Ботир И.Кўлиевникига борганда у яхши харидори борлигини, 2 килограмм қорадори топиб беришини илтимос қилганлигини айтади. Иброҳим харидор ҳар бир килограмм қорадорини 15 000 АҚШ долларидан олишини, таклифни уйлаб кўришини таъкидлаб, агар топишни иложи бўлса хабар қилишини билдиради.
30 минг доллар... Бунча маблағни эшитган Ботирнинг тинчи йўқолди. У энди бир пасда бойиб кетиши мумкин. Шу ўй билан Ботир бир кундан кейин Иброҳимнинг олдига бориб, “проба”га қорадори олиб келиши учун 1,3 миллион сўм пул олади. Бу пулга оғирлиги тахминан 10 грамм бўлган “опий” топиб, И.Кўлиевнинг уйида ўзини Исмат, деб таништирган шахсга олиб келиб беради.
Орадан маълум вақт ўтгач, Исмат 2 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун буюртма беради. Ўз навбатида чўнтагидан 100 купюрали бир пачка долларни чиқариб кўрсатади. Табиийки, Ботир дарҳол 10 граммни топиб берган Нодир Қодировга 2 килограмм “опий” топиб беришни айтади.
Буюртма қисқа муддатда тайёр бўлади. Шу боис, Н.Қодиров Ботирга қўнғироқ қилиб, айтилган миқдордаги қорадорини олиб келганлигини, Ургут тумани “Бешёғоч” маҳалласида эканлигини билдиради.
Ботир Нодир айтган жойга бориб, целлофанга солинган оғирлиги тахминан 1 кг. “опий” гиёҳвандлик воситасини олади. Н.Қодиров қолган 1 килони пулини олгач, бериши айтади. Нодирнинг шартига рози бўлган Ботир қорадорининг борини қўлтиқлаганча И.Кўлиевнинг яшаш уйига кетади. Бу ерда уни олдиндан келишилганидек Исмат кутиб турарди.
Воқеа тафсилотлари ва пулни беришини айтиб турган Ботир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини кўриб, анграйиб қолди...
Суд ҳукмига кўра, Ботир Ташанов Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди. Унга 10 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Далилий ашё сифатида эътироф этилган 995,4 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда йўқ қилинди.
М.Эргашев,
жиноят ишлари буйича
Тойлоқ тумани судининг раиси.