Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда келгуси 5 йил мактабларни ривожлантиришнинг долзарб беш йиллиги этиб белгиланди

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида таълим тизимидаги янгиликларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов маълум қилди.

- Самарқандда ҳафтанинг жума куни “Мактаблар куни” деб белгиланди, - деди Х.Очилов. – Шунингдек, келгуси беш йилда олий тоифали ўқитувчилар улуши 3,3 фоиздан 7 фоизга (4015 нафарга), биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 12,4 фоиздан 16 фоизга (9177 нафарга) оширилади. Чет тили фани ўқитувчиларини қайта тайёрлаш эвазига миллий (СЕҒR) ва халқаро (ILTS) сертификатли педагоглар улуши 6 фоиздан 10 фоизга етказилади. Ўрта-махсус маълумотли педагоглар 9,3 фоиздан 5 фоизга (2 минг 868 нафарга) туширилади.

Айни кунларда вилоятдаги педагог кадрларнинг малака тоифасини яхшилаш мақсадида аттестация жараёнига 33923 нафар (60 фоиз) педагог кадрлар жалб қилинган. Шундан 5124 нафар олий малака тоифасига, 9515 нафар биринчи малака тоифасига, 19224 нафар (малака тоифага эга бўлмаган, тоифасиз ўқитувчилар) иккинчи малака тоифасига талабгор педагоглар сифатида иштирок этмоқда.

Шунингдек, сентябрь-октябрь ойларида 15433 нафар (малака тоифасига эга бўлмаган, тоифасиз) педагоглар навбатдан ташқари ўтказиладиган аттестация жараёнига жалб этилади.

“Самарқанд тажрибаси” сифатида 61 та секторда мутахассис ва иккинчи тоифали ўқитувчиларга методик ёрдам берувчи Самарқанд давлат университети Ўзбекистон – Финландия педагогика институти ва мактабларнинг малакали ўқитувчиларидан иборат “Мобил методик гуруҳлар” ташкил этилди. Бу гуруҳларга фундаментал умумтаълим фанлардан 420 нафар энг илғор, тажрибали олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар саралаб олинди. Улар 5 ой давомида 167 та таянч мактабда ёш ва малака тоифаси бўлмаган 9385 нафар педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш учун махсус ўқувлар ташкил этади. Ўқиш якунида тренерлар томонидан ўтган дарс бўйича ўқитувчилар якуний синовдан ўтказилади. Унинг натижасига кўра, 71 фоиздан юқори кўрсаткичга эришган ўқитувчиларга сертификат берилади.

Қолганлари эса яна 3 ой давомида қайта ўқитилади ва қайта баҳоланади. Ўқишнинг ушбу босқичи 2022 йил сентябрь-ноябрь ойларида амалга оширилади. Яхши ва аъло кўрсаткичларга эга бўлган ўқитувчиларга сертификат берилади. Синовдан ўта олмаган ўқитувчилар касбига лаёқатсиз деб топилади.

Бу тажриба натижасида олий тоифали ўқитувчиларнинг сони 3 фоизга, биринчи тоифали ўқитувчилар 6 фоизга ва иккинчи тоифали ўқитувчилар 7 фоизга ошиши режалаштирилган.
Келажакда бундай қайта тайёрлаш гуруҳлари сони яна учтага ошиб, ўқитилиши зарур бўлган барча 28 минг нафар ўқитувчи бу жараён билан қамраб олинади.

Шундай қилиб, 2022-2025 йиллар давомида ўқитилиши зарур бўлган 28 минг нафар ўқитувчи “Мобил методик гуруҳ” томонидан ўқитилиб, касбий маҳорати юқори даражага кўтарилади.
2026 йилга бориб энг иқтидорли ўқитувчиларнинг базаси яратилади ва улардан тахминан 800 нафар энг муносиблари ажратиб олинади.