Самарқандда мингдан зиёд муҳтож ва мискин оилаларга эҳсон тарқатилди

Рамазон ойини инсонлар учун ҳисобсиз ажр ва фойдаларга эришадиган мавсум қилган Зот Аллоҳ таолога ҳамдлар, нажот ва ҳидоят элчиси бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи  ва салламга салавот ва саломлар бўлсин.

Ислом динида ўзаро меҳр-оқибат, сахийлик, муҳтож кишиларга ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинган. Азалдан бизни ҳалқимиз ҳам бир-бирига нисбатан меҳр-мурувватли ва оқибатли ҳалқ бўлган. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб, қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, машаққат ва ташвишларини аритиш ҳамда мўмин кишининг оғирини енгил қилиш ҳисси билан яшашга ўрганган.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва муҳтож, мискинларга ёрдам берган киши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор, кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Муборак Рамазон ойи деярли якунига етиб қолди. Бу ойнинг ўзига хос хислатлари ҳисобсиз бўлиб, улардан бири бу хайру саховат ва меҳр-оқибат фазилатларидир.

Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали томонидан “Ҳар бир ҳудудга 1000 та хонадон” лойиҳаси асосида нафақат моддий, балки маънавий ёрдамга муҳтож 1000 нафардан зиёд фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қалбларига озгина бўлса-да, сурур киргизиш мақсадида уларнинг хонадонларига байрам дастурхони учун керак бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ҳар биримиз ён атрофимиздаги кўмакка муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиб турсак ҳамда моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак, улкан ажру-савобларга эришамиз ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида юзимиз ёруғ бўлади, иншааллоҳ!

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати.