Самарқандда пенсия ёшига етгани туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинган олий ўқув юрти ўқитувчиси ишга тикланди
Унга маънавий зарар ва мажбурий қолдирилган кунлар учун иш ҳақи ундирилади.
Аслида гап фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 14 майдаги ҳал қилув қарорига нисбатан А.Алимов (исм, фамилиялар шартли) келтирган кассация шикоятини кўриб чиқиш ҳақида кетмоқда.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, институтнинг 2018 йил 23 мартдаги 68-ш-сонли буйруғига асосан даъвогар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига кўра (яъни ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда) бекор қилинган. Даъвогар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳақиқатда у пенсия ёшига етган ва пенсияга чиқиш учун етарли иш стажига эга бўлган.
Меҳнат кодексининг 101-моддаси 1-қисмига кўра, башарти жамоа келишуви ёки шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Кодекснинг 100-моддасига кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга кадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.
Ишдаги Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, меҳнат ҳуқуқ инспектори ва бошқалар томонидан иш берувчининг ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғининг қонунийлиги ўрганилганда меҳнат шартномани бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний чиқарилганлиги белгиланган.
Унга кўра, институт бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раёсатига институт ректорининг Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисм 7-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик сўраб берган тақдимномаси раёсат йиғилишида меҳнат шартномаси бекор қилиш кўзда тутилган ходим А.Алимов ва бошқалар иштирок этмаган. Бундай ҳолатда касаба уюшма меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик беришга ҳақли эмас. Шунингдек, А.Алимов билан меҳнат шартномаси ўқув йилининг ўртасида бекор қилиш мақсадга мувофиқ эмас ва меҳнат шартномани бекор қилиш учун асослар етарли эмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Ишдаги жавобгар томонидан чиқарилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ билан ходим таништирилмаган. Ходим буйруқни олишдан бош тортганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас.
ФПК 375-моддаси 1-қисмининг 1.4-бандларига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, моддий ҳуқуқ ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги суд ҳужжатини бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлади.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрель кунидаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 46-бандига асосан меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинган ёки ғайриқонуний бошқа ишга ўтказилган ҳолларда ходим аввалги ишига тикланиши шарт.
Меҳнат кодексининг Ўзбекистон Республикаси МКнинг 112-моддасига кўра, ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.
Зарарни қоплаш:
- мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан;
- маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборат.
Иш юзасидан янги ҳал қилув қарорига асосан институтнинг 2018 йил 23 март куни чиқарилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний, деб топилиб, бекор қилинди.
Суд А.Алимовнинг институт ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси лавозимига тикланиши ва қарорни ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилиши белгиланган ажрим чиқарди.
Шунингдек, институтдан А.Алимов фойдасига бекор юрган кунлари учун 10 миллион 870 минг 986 (суммадан солиқ ва мажбурий тўловлар чегирилган ҳолда) сўм ҳақ ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш кўзда тутилди.
Бундан ташқари, 880 839 сўм давлат божи ҳам институтдан ундириладиган бўлди.
Ф.ҚАРШИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судьяси.