Самарқандда психотроп моддалар сотуви билан шуғулланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд тумани ИИБ ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда айланмасини олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир давомида ИИБ ходимларида шубҳа уйғотган фуқаро Жаҳон Ш., шахсий тинтув қилинган вақтида унинг ёнидан таркибида психотроп модда бўлган 6 дона капсула олинган. У ушбу капсулаларни Машҳур исмли шахсдан олганлигини айтган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Самарқанд тумани “Обод” маҳалласида яшовчи фуқаро 35 ёшли Машҳур К., тадбирга харидор сифатида жалб қилинган фуқарога оқ қоғозга ўралган 17 дона таблеткани 360 минг сўмга сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, холислар иштирокида унинг кийимлари тинтувдан ўтказилган. Тинтув вақтида Машҳур К.,нинг эгнида бўлган курткасининг ўнг чўнтагидан “Нафтизин” номли елим идиш ичидан 23 дона таблетка, 1 дона капсула аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, тадбир давомида Машхур К.,дан олинган 17 дона таблетка ва елим идишида бўлган 23 дона таблетка таркибида «Трамадол» гиёҳвандлик моддалари мавжудлиги, умумий соф оғирлиги 6,05 граммга тенг эканлиги, 6 дона капсула таркибида «Прегабалин» мавжудлиги, уни наркотик ва психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш учун махсус лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан сотилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Машҳур К., га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.