Самарқандда қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди
ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида ўтказган тезкор тадбири давомида қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1955, 1956 ва 1970 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро умумий баҳоси 1 миллион 61 минг сўмлик 18 дона хризопраз ва 65 дона берилл тошларини 500 каратли зумрад тошлар, дея алдаб 50 минг АҚШ долларига, шунингдек, заргарлар томонидан мукаммал ишлов берилмаганлиги учун ҳозирги баҳоси 3 миллион 116 минг сўмни ташкил этувчи, таркибида олмослар бўлган кумуш тақинчоқни 50 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.
Бундан ташқари, 1956 йилда туғилган фуқаронинг яшаш манзили кўздан кечирилганда ёқут, олмос каби қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла узуклар борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий баҳоси 4 миллиард 755,5 миллион сўмлик қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида олинди.
Суриштирув жараёнларида маълум бўлишича, ушбу шахслар кўп йиллардан буён хориждан бундай қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб келиб, сотиш билан шуғулланишган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.