Бронза ва илк темир асрида Марказий Осиё халқлари маданияти қандай бўлган?

Самарқанд археология институтида «Бронза ва илк темир асрида Марказий Осиё халқлари моддий маданияти» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси онлайн ва оффлайн тарзда бўлиб ўтди.

Тадбирда институт ходим ва талабалари, бир гуруҳ археолог олимлар, шунингдек, Самарқанд, Термиз, Гулистон давлат университетлари ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

- Конференцияда бундан 4 минг йил аввал мамлакатимиз жануби, яъни, Сурхондарё воҳасида туз кони очилганлиги ва тузнинг қадимги шарқ давлатларига экспорт қилинганлиги, шунингдек, бу ҳудуддаги бронза даври ёдгорликлари яқинида гипс кони ташкил этилганлиги ҳақида қимматли маълумотлар берилди, - дейди тарих фанлари номзоди Комил Раҳимов. – Албатта, бу юртимизда археология фанининг улкан ютуғи ҳисобланади. Ушбу конференция ўтказилишининг асосий мақсади, турли қазишма ишлари ва ўрганишлар натижасида кашф этилган янги маълумотларни бир-биримиз билан ўзаро бўлишиш орқали археология фани ривожи учун янгиликлар киритишдан иборат.

Тадбир давомида қоятош тасвирларини муҳофаза қилиш, бронза даври анъанавий театр, мусиқа ва рақс санъати шаклланиш тарихи, Марғиёна ва Шимолия Бақтриянинг бронза даври суғорилиш тарихининг ўрганилиши каби бир қатор тарихий ҳамда археологик мавзуларга доир видеоматериаллар намойиш этилди.