Самарқандда сайёҳликнинг янги хизмат йўналишлари ташкил этилади

Ургут туманининг Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида 50 гектар ҳамда Самарқанд туманининг Оҳалик, Оқбўйро ва Миронкўл маҳаллаларида 350 гектарда йирик туризм лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланди.

Бу ҳақда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба бошлиғи Даврон Расулов маъулум қилди.  

Ургутда Омонқўтон, Нурободда Нурбулоқ ва Оқсой, Қўшработда Пангат, Самарқанд туманида Янгижой ва Самарқанд шаҳрида Гўри Амир маҳаллаларида “Туризм қишлоғи” ташкил этилади ва 7 та йўналишда туризм хизматлари йўлга қўйилади. Қиймати 2,1 триллион сўмлик 30 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. 

Жумладан, 10 та 1100 ўринли замонавий меҳмонхона қурилиб, меҳмонхоналарнинг жами қуввати 20 мингга етказилади. Мисол учун, Пайариқ тумани Хўжа Исмоил маҳалласида “Enter Еngineering” МЧЖ томонидан қиймати 2 триллион сўмлик зиёрат туризм маркази ва 

8 та меҳмонхона фойдаланишга топширилиб, 1200 та янги иш ўрни яратилади. 

2 та санаторий ва соғломлаштириш маркази, 3 та йирик савдо ва кўнгилочар масканлари ва 15 та бошқа туризм лойиҳалари амалга оширилади. 2,5 миллион хорижий турист жалб этилиб, уларнинг вилоятда қолиш кунлари 2,7 кундан 3 кунга етказилади. Туризм хизматлари экспортини 600 миллион долларга етказиш чоралари кўрилади. (2024 йилда 538 миллион доллар бўлган). Самарқанд халқаро аэропортида авиақатновлар сони ҳафтасига 50 тадан 120 тага етказилади. Масалан, БААнинг Дубай шаҳридаги “Flaydubai” авиакомпанияси томонидан дастлаб ҳафтасига 2 марта, кейинчалик ҳафтасига 5 марта авиарейслар амалга оширилиши режалаштирилган.