Самарқандда шахмат қаҳвахонаси очилди
- 03.04.2021 14:32
- 388
- Самарқанд
Самарқанд шаҳридаги иштаҳаочар кўчасида яна бир янгилик. Орзу Маҳмудов номидаги гастрономик кўчада “Шахмат қаҳвахонаси” ўз фаолиятини бошлади.
- Мазкур ғоянинг пайдо бўлишига Президентимизнинг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори сабаб бўлди, - дейди тадбиркор Комилжон Негматов. – Қаҳвахонада мижозлар овқатланиш билан бир қаторда шахмат ўйнаши, шунингдек, уйғур ва миллий таомларни татиб кўриши мумкин.
Кафе шахмат мухлисларига мўлжалланган. Унинг ички қисми худди уй каби қулай ва шинам бўлиб, бу ерда шахмат ўйинидан кейин ҳам ўтириб дам олиш, ҳам таомлар истеъмол қилиш имкони мавжуд. Шунингдек, ушбу кафеда шахмат турнирлари, маҳорат дарслар ва кўргазмали шахмат тадбирлари ўтказиш учун жой ажратилган.
Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати.