Самарқандда Стритбол бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси” республика баҳслари ғолиблари тақдирланди

Самарқанд шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг хотин-қизлар ўртасида стритбол бўйича “Б” лига республика баҳслари якунланди.

Мусобақада республикамизнинг 14 ҳудудидан келган 210 нафар қатнашчи учта (16-21, 22-26, 27-30) ёш тоифасида беллашди.

Баҳслар натижасига кўра, 16-21 ёш тоифасида Пахтачи тумани Урганжи маҳалласи ёшлари мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Кейинги ўринлар Бухоро вилояти Жондор тумани Рамиш маҳалласи ва Тошкент вилояти Бўстолиқ тумани Сариққали маҳалласи жамоаларига насиб этди.

22-26 ёш тоифасида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Жарқишлоқ маҳалласи хотин-қизлари ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни Каттақўрғон шаҳар Каттақўрғон маҳалласи, учинчи ўринни Жиззах вилояти Бахмал тумани Гулбулоқ маҳалласи хотин-қизлари эгаллади.
27-30 ёш тоифасида ҳам Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Жарқишлоқ маҳалласи хотин-қизларига тенг келадигани топилмади. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Қорасув маҳалласи иккинчи, Андижон вилояти Улуғнор тумани Теракзор маҳалласи хотин-қизлари учинчи ўринни банд этди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев иштирок этиб, мазкур олимпиада маҳалла ёшлари ўртасида оммалашиб бораётгани ва иқтидорли ёшларнинг қобилиятини намоён этишида катта имконият яратаётганини таъкидлади.
Ғолибларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида самарқандлик ёшлар фаол иштирок этмоқда ва ҳозирга қадар ўтказилган мусобақаларда 16 та олтин, 8 та кумуш, 10 та бронза медалини қўлга киритди. Айни пайтда беллашувлар давом этмоқда.