Самарқандда судлар томонидан 10 киши айбсиз деб топилган ва оқланган

Бу ҳақда вилоят судлари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари Ўткир Мамадалиевнинг айтишича, жиноят ишини кўриб чиқиш автоматик равишда тақсимланади. Бунда инсон омили рол ўйнамайди. Яъни, компьютер судларнинг муайян юкламасидан келиб чиқиб, келиб тушган ишларни қайси судья юритишини белгилаб боради.

Суд раиси ўринбосари шунингдек, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 872 та кам ёки 1854 нафар шахсга нисбатан 1449 та (2018 йилга нисбатан 1083 та кам) жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шунингдек, 287 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 322 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Бундан ташқари, 314 нафар шахслар тайинланган жазони ўташ муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, 137 нафар шахслар эса суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Жорий йилнинг олти ойи давомида 9 та жиноят иши бўйича 10 нафар шахслар оқланган.