Самарқандда тест синовлари якунланди: 230 нафар абитуриент қоидани бузди, 9690 нафари имтиҳонга келмади
2020 йил 12 сентябрь куни вилоятимизда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари якунланди.
Вилоятда 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовлари Самарқанд шаҳри ҳамда Самарқанд туманининг тўртта ҳудудида ўтказилди.
Тест синовлари учун 6120 та ўрин тайёрланиб, жорий йилнинг 2-12 сентябрь кунлари икки навбатда ўтказилди. Шу кунлари вилоят бўйича жами тест топшириши белгиланган 132 248 нафар абитуриентдан 122 325 нафари тестда иштирок этди, 9690 нафари номаълум сабабларга кўра қатнашмади.
Шунингдек, ҳудудга киришда 98 нафар абитуриент таъқиқланган воситаларни олиб киришга урингани, 14 нафари бировнинг ўрнига кирмоқчи бўлгани, тест жараёнида 115 нафар абитуриент таъқиқланган воситалардан фойдалангани, 2 нафари бировнинг ўрнига киргани, 1 нафари тест материалларига шикаст етказгани учун, жами 230 нафари тест синовларидан четлаштирилди. 3 нафар абитуриентнинг тана ҳарорати 37 градусдан юқори бўлгани сабабли тест синовига қўйилмади.
Тест жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида 7 майдонда 14 та 360 градусга айланувчи ҳамда 229 та видеокузатув орқали доимий назорат камералари ўрнатилди. Жараённи онлайн тарзда test2020.uz сайти ҳамда test2020 мобиль иловаси орқали тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилди.
Вилоятда тест синовлари учун мўлжалланган майдонларда 13-14 сенябрь кунлари академик-лицей абитуриентлари имтиҳон топширган бўлса, 15 сентябрь куни вилоят халқ таълими тасарруфидаги айрим фанларга чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларининг 5-7-синфларига тест синовлари бўлиб ўтади. 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳар “Локомотив” стадионида Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейи абитуриентлари учун тест синовлари ўтказилади. 17 сентябрь куни тана ҳарорати 37 даражадан ортиқ бўлгани сабабли тест синовларидан четлатилган ёки имтиҳон куни коронавирус билан касалланган абитуриентлар учун тест синовлари бўлиб ўтади.
Воҳид СИРЛИБОЕВ,
Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.