Самарқандда тўртта сайлов участкасида овоз бериш жараёнини онлайн кузатиш мумкин
Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, сайловни демократик талаблар асосида, шаффоф ўтиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2 та, Каттақўрғон туманидаги 2 та участкада сайлов жараёнларини интернетдан онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган. (http://elections.uz/uz/lists/camera?page=2)
Хусусан, Самарқанд давлат университети тарих факультетида жойлашган 66-сайлов участкасига ўрнатилган камералар сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига олинган 850 нафар сайловчидан неча нафари келиб, ўзи ёқлаган номзодларга овоз берганини онлайн кузатиб бориш мумкин.
Шунингдек, Самарқанд юридик коллежида ташкил қилинган 92-сайлов участкасида ҳам 22 декабрь куни овоз бериш жараёнларини интернет орқали тўғридан-тўғри кузатишнинг имкони мавжуд.
- Ҳудудда 1323 нафар сайловчи рўйхатга олинган, - дейди участка сайлов комиссияси раиси Икром Бўлишев. – Участкада барча сайловчилар, жумладан, 27 нафар жисмоний имконияти чекланган ва 28 нафар жорий йилда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчилар учун барча шароитлар яратилган. Участкага жараённи тўғридан-тўғри ёритиш учун 2 та онлайн режимида ишлайдиган камера ўрнатилган.
Бундан ташқари, Каттақўрғон туманидаги 519 ҳамда 534-сайлов участкаларида ҳам жараённи онлайн транслация қилиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, исталган шахс вилоят сайлов комиссиясида ўрнатилган монитор ёки Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти орқали вилоятда тўртта сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнлари қандай ўтаётганлигини онлайн кузатиб боришлари мумкин.