Самарқандда тупроқ босиб қолган икки нафар ишчи корхонада меҳнат шароитлари яратилмаганлиги туфайли шу куйга тушмаганмиди?
Бугунги кунда ишлаб чиқаришда рўй бераётган бахтсиз ҳодисалар, айниқса, оғир турдаги ва ўлим билан тугаётган бахтсиз ҳодисаларнинг аксарият қисми қурилиш ва транспорт ташкилотлари улушига тўғри келмоқда. Бунинг асосий сабаби ўша ташкилотларда ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси борасидаги ишлар тўғри йўлга қўйилмаганлигида.
Биргина, Самарқанд шаҳрида 2019 йилнинг охири ва жорий йилнинг бошида иккита ҳолатда қурилиш майдонида ишчиларни тупроқ босиб қолиши оқибатида ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар содир бўлганди. Бизга маълум бўлмаган енгил ва оғир тан жароҳати билан тугаган бахтсиз ҳодисалар қанча?
Агар корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмитаси ташкил этилса, юқоридаги каби саволларга ўрин қолмайди, иш берувчиларнинг ноқонуний талаб ва ҳаракатларига чек қўйилади. Ва, албатта, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ҳамда ижтимоий ҳимояси кучаяди.
Тармоқ касаба уюшмалари тизимида вилоятнинг 137 та транспорт, қурилиш ва йўл соҳаси корхона ва ташкилотлари, 1 та олий ва 12 та ўрта-махсус ўқув юртлари бошланғич касаба уюшмалари фаолият юритиб келмоқда.
2018 йилнинг охирида вилоятнинг тармоқ тизимига аъзо бўлган касаба уюшма ташкилотлари сони қарийб 500 тани ташкил этган.
Афсуски, айрим ташкилотлар фаолиятини тўхтатганлиги, кўпгина ташкилотларда иш ҳажмининг йўқлиги, шунингдек, касаба уюшмалари билан узоқ муддатга алоқани узиб қўйганлиги сабабли Низом талабларига асосан касаба уюшмаларидан чиқарилган.
Йил бошида вилоят давлат солиқ бошқармаси, қурилиш ва транспорт бошқармаларидан фаолият кўрсатиб келаётган ташкилотлар тўғрисида батафсил маълумотлар олиб, ҳар ойда 20-25 та корхона билан алоқа ўрнатамиз. Раҳбар ва масъул ходимлар билан касаба уюшмаларига аъзоликнинг афзалликлари тўғрисида тушунчалар берилишига қарамасдан, аксарият ҳолларда оғзаки рад жавоблари олинади, хатлар эса жавобиз қолмоқда. Ходимлар билан учрашув ўтказиш, уларга ҳақ-ҳуқуқларини тушунтиришга эса рухсат йўқ.
Аслини олганда, касаба уюшмасига аъзолик ихтиёрий. Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Салбий томони шундаки, қонунчиликдаги бу эркинлик, яъни ихтиёрийлик кўпчилик иш берувчиларга қулай «имконият» яратади. Улар ўз ишчилари олдидаги баъзи масъулиятдан шу йўл билан қочмоқчи бўлишади.
Вилоятимизда қанчадан-қанча овқатланиш шохобчалари, ишлаб чиқариш цехлари, қурилиш ташкилотлари бор. Аммо ҳеч ким ўша жойларда ишлаётганларни тўлиқ меҳнат қонунчилиги асосида ишлаяпти, деб айта олмайди. Чунки жуда кўп жойларда иш берувчилар меҳнат шартномасига, меҳнат дафтарчасини юритишга амал қилмайди.
Сир эмас, қурилиш ташкилотлари, умумий овқатланиш шохобчаларида ишлаётганлар учун кўп ҳолларда зарур шарт-шароит яратилмаган, меҳнат муҳофазасига амал қилинмайди. Махсус кийим-бошлар билан таъминлаш ҳаминқадар. Бу албатта, жиддий ўйлаб кўриладиган масала…
Шунга қарамай, жамият ҳуқуқий соҳада ортда деб бўлмайди. Буни Касаба уюшмалари федерациясига ва унинг ҳудудий бирлашмаларига ҳар ойда юзлаб ариза ҳамда мурожаатлар келиб тушаётганидан ҳам билса бўлади. Уларнинг аксарияти ишдан ноҳақ бўшатилиш (айниқса, ҳомиладор аёлларнинг бўшатилиши), маош ва товон пулини ўз вақтида ололмаслик тўғрисида.
Ушбу мурожаатларни ўрганиш, ариза эгаларига ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам бериш жараёнида маълум бўляптики, иш берувчи меҳнат қонунчилигини билмайди ёки билса-да, унга амал қилмайди. Албатта, мурожаатлар асосида ишчининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши ва талаби қондирилишига эришилаётир. Аммо ўз ҳақ-ҳуқуқини билмасдан юрганлар сафи кам эмас.
Сирожиддин ИЗЗАТУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти ташкилотлари бирлашган қўмитаси раиси.