Самарқандда USAID админстратори Саманта Пауэр Марказий Осиё давлатлари вазирлари билан учрашди
Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган USAID (АҚШ) администратори Саманта Пауэр бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Дастлаб USAID админстратори ва Марказий Осиё вазирларининг учрашуви (C5+1) бўлиб ўтди. Шундан сўнг, USAID админстратори Саманта Пауэр журналистларга қисқача маълумот берди:
- Бу учрашувимиз ўтган ойда Марказий Осиё етакчилари ва АҚШ президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббусларни давом эттириш учун ажойиб имкониятдир. Президент Байден билан бўлган ўша учрашувда АҚШ президенти Қўшма Штатлар барча давлатларингизнинг суверенитети, мустаҳкамлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Ҳамкорликдаги лойиҳалар бўйича муҳим қадамлар қўйилди – кўпроқ сармояни жалб қилиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик жамияти қуриш борасида ҳамкорлик қилиш, болалар меҳнати, мажбурий меҳнатга чек қўйиш шулар жумласидан.
Ҳамкорлигимиз Марказий Осиёда барқарорлик ва умумий фаровонликни оширишга қаратилган. БМТдаги учрашувда таъкидланганидек, иқтисодий алоқаларни ошириш ушбу мақсад учун жуда муҳим. Минтақалараро ва халқаро савдодаги тўсиқларни камайтириш бўйича ҳам ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бу бўйича кейинги қадамлар қўйиш орқали минтақада янги инвестицияларни жалб қилиш, экспорт учун янги бозорларни очиш янада осонлашади”, деди ўз сўзида Саманта Пауэр.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва таъминот занжирининг узилиши каби муаммоларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.
- Марказий Осиё доимо Европа ва Осиёни боғловчи кўприк вазифасини ўтаган. Давлатларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар мавжуд. Дунёда анъана, урф-одатлари ва қадриятлари жиҳатидан бир-бирига жуда яқин бўлган давлатлар мавжуд эмас. Биз шунчаки қўшнилар эмас, балки катта бир ҳудудда бирга яшаётган қариндошлар, ака-ука ва дўстлармиз, — деди Қудратов.