Самарқандда йилнинг илк брифинги вилоят судлари томонидан ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган брифингда вилоят судлари томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида журналист ва блогерларга маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 2019 йил давомида 3 минг 750 нафар шахсга нисбатан 3 минг 16 та ишлар кўриб чиқилган бўлиб, кўрилган ишлар ўтган йилга нисбатан 966 та ёки 24,2 фоизга, шахслар сони эса 1 минг 574 нафарга ёки 29,6 фоизга камайган. Шулардан, 445 нафарини аёллар, 82 нафарини вояга етмаганлар, 145 нафарини эса 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этган.
Ўтган йил мобайнида 1 минг 563 та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
- Бу каби брифинг ёки матбуот анжуманларини тез-тез ўтказиб туриш яхши натижа беради, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари Ўткир Мамадалиев. - Судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш, шу билан бирга, журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишларини нотўғри талқин қилиш, ёритиш ва изоҳлашнинг олди олинади.
2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди биринчи инстанциясида 242 та ишлари тамомланган, шундан 175 та даъво қаноатлантирилган, 33 та даъво рад этилган, 22 та иш кўрмасдан қолдирилган ва 12 таси юритишдан тугатилган.
Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари 2019 йил давомида 4 минг 804 тани ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 231 тага камайган. Улар бўйича даъво қаноатлантирилган қарорлар 2 минг 956 тани ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 182 тага камайган.
Оилавий келишмовчилик сабаб 2 минг 879 та, моддий жиҳатдан қийинчиликка кўра 464 та, фарзандсизлик туфайли 272 та, спиртли ичимликларни истеъмол қилишдан 160 та, бошқа сабабларга кўра 1 минг 643 та никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилинган.
2019 йил давомида вилоят, туман, шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 17 минг 938 та ишлар кўриб чиқилиб, ҳал этилган ва даъвогарлар фойдасига 585 миллиард 954 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 13 миллиард 865 миллион сўм давлат божи ундирилган. Бундан ташқари, даъвогарлар томонидан республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 1 миллиард 683 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланишига эришилган.
Шунингдек, вилоят, туман, шаҳар маъмурий судлари томонидан 2019 йил давомида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 минг 643 та маъмурий иш кўриб тамомланган. Шундан, 1 минг 27 таси қаноатлантирилган, 407 таси рад қилинган, 160 таси иш юритишдан тугатилган, 49 та иш кўрмасдан қолдирилган. Ишларнинг 313 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган.
Ўтган йил давомида вилоят, туман ва шаҳар маъмурий судларида маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир 46 минг 688 нафар шахсга нисбатан 37 минг 293 та ишлар кўриб чиқилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ.
Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).