Самарқандда юк машинасини хавфли бурилишлар билан бошқарган ҳайдовчига чора кўрилди

Ижтимоий тармоқларда МАЗ русумли автотранспорт воситаси Самарқанд шаҳрининг Гагарин ва Навоий кўчалари туташган чорраҳада кескин бошқарув билан ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб, хавфли бурилиш билан ҳаракатланиб юрганлиги акс этган видео тарқалди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилди.

Текширувлар натижасида, ҳайдовчи Гагарин ва Навоий кўчалари туташган чорраҳада ҳаракатни кескин ўзгартириб, ўзи ва бошқа йўл иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирганлиги, шунингдек, транспорт воситасини белгиланган ҳужжатларсиз (ишончномасиз) бошқарганлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқбузар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, у билан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш юзасидан профилактик суҳбат олиб борилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, автотранспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига қўйилди.