Самарқанддаги 239 маҳалланинг асосий драйвери туризм бўлади

Самарқандга 2022 йил 152 давлатдан 1 миллион 204 минг хорижий ва 4 миллион 247 минг нафар маҳаллий турист келди. Уларга кўрсатилган туризм хизматлари экспорти 197,6 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида кўҳна кентга келган хорижлик сайёҳлар 217 минг нафардан, маҳаллий сайёҳлар эса 814 минг нафардан ошди.

Бу ҳақдаги маълумотлар Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмга масъул ўринбосари Рустам Қобилов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

– Шу пайтгача хорижий туристларнинг вилоятимизда қолиши ўртача 2,6 кунни, кунлик харажатлари эса 65-213 АҚШ долларини ташкил этаётган эди, – дейди Р.Қобилов. – Бу йил сайёҳларнинг Самарқандда қолиш кунларини яна бир кунга узайтириш орқали туризм хизматлари экспорти 14 миллион долларга кўпаяди. Умуман, йил давомида 1,5 миллион нафар хорижлик туристлар жалб этилиб, хизматлар экспорти 250 миллион АҚШ долларига етказилади. 2022 йилда туман ва шаҳарларимиздаги 103 маҳаллада туризм соҳаси асосий драйвер сифатида белгиланиб, 491 та хонадонда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. Мазкур тармоқда 5800 нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу йил туризм соҳаси асосий драйвер сифатида танланган маҳаллалар сони 239 тага, хонадонлар эса 1144 тага етказилади. 

Натижада 104 та оилавий меҳмон уйи, 105 та умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилиб, соҳадаги банд аҳоли сони 7189 нафарга етказилади. Жорий йилда Тойлоқ туманидаги Ворсин ва Самарқанд туманидаги Янгиариқ маҳаллаларида умумий қиймати 127 миллиард сўмлик иккита туристик мажмуа лойиҳаси амалга оширилиб, меҳмонларни қабул қила бошлайди. Нуробод тумани Оқсой маҳалласида лойиҳа қиймати 120 миллиард сўм бўлган осма дор йўли фойдаланишга топширилади. Ургут, Оқдарё ва Каттақўрғон туманларида 4 та экотуризм дам олиш масканлари очилади. 

Самарқанд шаҳрида лойиҳа қиймати 4 триллион 542 миллиард сўм бўлган савдо ва кўнгилочар марказ фаолият бошлайди. Бундан ташқари, Каттақўрғон ва Оқдарё туманларида биттадан, Самарқанд туманида иккита соғломлаштириш маркази сайёҳларни қабул қилади. Жойлаштириш воситаларининг умумий сони 681 тага, ўринлар сони 18869 тага, туроператорлар сони 250 тага, туризм қишлоқлари 18 тага етказилиб, 16 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилади. Вилоятда зиёрат, бизнес, классик эко, агро, гастрономик ва шоппинг туризм объектлари, шунингдек диққатга созовор жойлар, дам олиш масканлари туризм қишлоқлари ва кўчалари бўйлаб 5 кунлик сайёҳлик дастури ишлаб чиқилди.  

Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда бу йил ҳафталик авиақатновлар сонини 55 тадан 120 тага етказилади. Бу йил ҳам Самарқанд йирик халқаро форум ва анжуманлар марказига айланади. Маълумотларга кўра, 2023 йил давомида 25 та халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг 25-йиллик бош ассамблеяси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши, "Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши+Марказий Осиё стратегик мулоқоти"нинг иккинчи йиғилишига Самарқанд мезбонлик қилиши кутилмоқда.  

Ғ.Ҳасанов.