Самарқанддаги электр узатиш тармоқларида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори У.Жўраевнинг маълум қилишича, бу ишларга шу пайтгача 4 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Мазкур маблағ асосида манзилли дастур бўйича 8 та 35-110 кВ кучланишли, 2 минг 883 та 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор, 8 минг 301 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари, 60 та 35-110 кВли мойли ўчиргичлар мукаммал таъмирдан чиқарилган.
Куз-қиш мавсумида 14 та подстанцияда зўриқиш билан ишлаб турган 16 та трансформаторни катта қувватлиси (25-40 мВА)га алмаштириш бўйича манзилли дастур тасдиқланган.
Жумладан, Қўшработ тумани “Зармитан” подстанциясидаги қуввати 6 300 кВА трансформатор ўрнига 16 000 кВА, “Жўш” подстанциясидаги қуввати 2 500 кВА трансформатор ўрнига 4 000 кВА, Каттақўрғон туманидаги “Роҳат” подстанциясида қуввати 1 600 кВА трансформатор ўрнига 2 500 кВАли трансформатор ўрнатилган.
Ургут тумани “Ургут-2” подстанциясидаги қуввати 16 мВАли трансформаторни 25 мВА, Иштихон тумани “Ишонч” подстанциясида 25 мВАли трансформаторни 40 мВАлига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу ишларга 12,8 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Таъкидланишича, вилоят бўйича 825 минг 464 та, шундан аҳоли истеъмолчиларига 767 минг 698 та ва улгуржи истеъмолчиларга 57 минг 766 та АСКУЭ электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар 674 784 дона (82,6%) АСКУЭ электр ҳисоблагичлари ўрнатилиб, 151 680 та электр ҳисоблагичларга буюртма берилган.