Самарқанддаги тиббиёт марказларига ўрнатилган technomed.uz дастури қандай самара беряпти?

Бугунги кунгача вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кўз касалликлари шифохонаси, кардиология диспансери, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали, Тайлоқ туман тиббиёт маркази ва вилоят тери-таносил диспансерига technomed.uz дастури ўрнатилди.

Вилоят молия бош бошқармаси соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий соҳанинг бошқа муассасаларини молиявий таъминлаш бўлими бошлиғи Дилшод Сиддиқовга кўра, ушбу мақсадлар учун 1,0 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган. Ушбу тизим орқали шифохонанинг қабул бўлимидан бошлаб барча босқич харакатлар  - беморнинг рўйхатдан ўтиши, врач қабулига ёзилиши, врач томонидан қўйилган ташхис дорилар муолажалар рўйхати, лаборатория жавоблари, дори-дармон сўровномалари қолдиқлари каби маълумотлар онлайн тизимида кўриб бориш имконияти яратилди.

Ушбу дастур орқали шифохонанинг пуллик тушумлари кўпайишга эришилди. Масалан, вилоят кардиология диспансерига дастур ўрнатилмасдан олдин бир ойда ўртача 1-1,3 миллиард сўм тушган бўлса, дастур ўрнатилгандан сўнг 2-2,3 миллиард сўм, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида дастур ўрнатмасдан олдин бир ойда ўртача 400-600 миллион сўм тушган бўлса, дастур ўрнатилгандан сўнг 600-800 миллион сўм пуллик тушумлар туширилди.